Кема пристан1дан узоқлашиб, Мармара денгизи томон ҳаракатлана бошлаганида, йўловчини кузатишга келганлар елкаларидан оғир юк тушгандек енгил тортдилар:

– Бечора бола Арабистонда ўзини яхши ҳис қилади, – дейишди. Яхши иш қилганларига атрофдагиларни ишонтиришга уринганлар сохта шодлик билан, аммо кўнгиллари ғаш ҳолда қайтиб кетишди.

Олдинроқ отасидан етим қолган кичик Ҳасан онаси ҳам вафот этгач, узоқ қариндошлари ва қўни-қўшниси кўмагида аммасининг ёнига – Фаластиннинг чекка бир қасабасига жўнатилаётган эди.

Ҳасан кемани томоша қилди; айланиб турган кранларга, устларига ёзилган қутқарув балонларига, қуритиш учун осилган кийимлардек арқонларга қатор тизиб қўйилган қайиқларга ҳамда навбат алмаштирилаётганда чалинадиган барабанга қараб роса завқланди.

У беш ёшда эди; тили чучуклиги учун ширин гапириши билан палубадаги йўловчиларнинг кайфиятларини анчагина кўтарганди.

Бироқ, кема у ер-бу ерда тўхтаб, кўп йўловчиларни туширганидан сўнг иссиқ ўлкаларга яқинлашганида у бирдан жим бўлиб қолди. Атрофдагилар унга бегона тилда гаплашишар, худди Истанбулдагидек унга:

– Ҳасан, бу ёққа кел!

– Ҳасан, бор! – дейишмас эди.

Гўё энди исми ўзгарганга ўхшар, “Ҳассан” шаклини олганди:

– Таал ҳун, я Ҳассан!2 – дейишар, уларнинг ёнига борарди.

– Руҳ, я Ҳассан!3 – дейишса, кетар эди.

Ҳайфага боришгач, уни бир поездга ўтқазишди.

Унинг она тилида энди ҳеч ким гаплашмас эди. Ҳасан бир бурчакка бориб индамай ўтирар; кимдир бирор нарса сўраса ҳам жавоб бермас, ёноқлари қип-қизил болакай маъюс чеҳра билан бир бурчакда индамай ўтирарди. Ортда қолаётган апельсинзорларга боққанча хаёлга чўмиб, кўксида бир оғирлик, бўғзида тошдек, аччиқ тугунни ҳис қилганча чурқ этмай борарди.

Аммо гулу гулзорга бурканган адирлар ҳам, резавор мевалар билан тўла гўзал, салқин боғлар ҳам ортда қолди, зайтунзорлар ҳам сийраклаша бошлади.

Ёнбағирларида эчкилар ўтлаётган қуруқ, тик, дарз кетган тоғлардан ўтиб боришарди. Бу эчкилар зулукдек тим қора рангда бўлиб, юнглари иссиқ офтобда яп-янги машина бўёғидек товланар, қуёш тафтида ойнадек ялтилларди.

Ёнбағирлар тугаб, кўз етмас даражада чўзилган текисликка чиқдилар: на дарахтлар, на дарёлар, на уйлар кўринарди! Фақат ҳар замонда йирик-йирик ҳайвонларга дуч келишарди. Узун оёқли, жуда баланд бўйли бу букри жониворлар ҳатто шиддат билан кетаётган поездга ҳам қарашмас, оғизларида оппоқ кўпик чайнаганча ҳорғин ва норози кайфиятда бирин-кетин, оғир-оғир, оҳиста қадам ташлаб, из қолдирмасдан, чанг-тўзон кўтармасдан кетиб боришарди.

У анча сабр қилди, сўнг чидай олмай, бармоғи билан уларни кўрсатиб, ёнидаги аскардан сўради.

Аскар кулиб:

– Гемел! Гемел!2 – деди.

Ҳасанни бир бекатга туширишди. Бўйнида, пешонасида, билакларида ва қулоғида қатор-қатор, тизим-тизим олтин тақинчоқлар бўлган қора ёпинчиқли, қоп-қора туташ қошли, йирик қора холли аёл уни кўксига босди. Онасиникига ўхшамайдиган ғалати ҳидли, ниҳоятда юмшоқ, ичига ботиб кетиладиган жонсиз кўксига...

– ...Вой, жоним! Худди ўзи! – деди аёл.

Аммасининг ёнидаги аёллар ҳам уни қучоқлади, ўпди, гаплашишди, ўзаро кулишишди. Аёллар билан кўпгина болалар ҳам келган эди; гулли либослари устидан хирқа ўрнига кўйлак ва нимча кийган, сочлари кокилли, бошларига дўппи кийган болалар...

Ҳасан ҳамон сокин ва жим эди, мутлақо сўзламасди.

Ҳафталар давомида бир оғиз ҳам гапирмади.

Митти тушунчасида пайдо бўлган қайсарлик билан сал-пал англай бошлаган арабчада гапирмас, миқ этмасди. У янада каттароқ хатардан қўрқиб, денгиз остида нафас олмасликка уринаётган одамдек бўғилиб қолганини ҳис қилар, оғиз очмас эди.

Гапирмай қўйди.

Энди унинг ҳам белбоғли кўйлаги, нимчаси, дўпписи ва қизил пойабзали бор эди. Сочининг ўрта қисми кафт катталигидаги жиҳозда қиртишлаб олинган, пешонасига кокил туширилган эди.

У теридек қаттиқ ва текис тандир нонга ўрганиб қолган эди; ерга ёзилган дастурхонда нонни ўраб, ундан ҳам қошиқ ҳам санчқи ўрнида фойдаланишни эпларди.

Бир кун аммаси кўчадан бақириб ўтаётган этикдўзни чақирди.

Уйнинг ҳовлисига елкасида бўздан тикилган катта тўрва, қўлида миттигина курси ва узун темир парчаси билан тартибсиз кийинган бир киши кирди. Тўрвасида қалин картонга ўхшаш, ўралган тери бор эди.

У билан гаплашишгандан кейин олдига жуда кўп йиртилган, тешилган, бўлак-бўлак пойабзалларни тизиб қўйишди.

Этикдўз курсичасига ўтирди. Ҳасан ҳам қизиқиш билан унинг қаршисига ўтди. Бу тўрт девордан иборат, бир қаватли, лойдан қурилган пастак уйда шу қадар зериккандики... У ҳайрат ва ҳаяжон билан этикдўзнинг ҳаракатларини кузатарди. Қалин картонга ўхшатган терисини ингичка, икки томони ўткир тиғли, дастасиз пичоғи билан кесишини, бир ҳовуч михни оғзига солиб, сўнгра уларни бирин-кетин худди Истанбулда кўрган маймунидек лўнжидан чиқариб, оёқ кийимларнинг тагчармига чаққонлик билан михлашини, тери бўлакларини ифлос сувга ботириб, ҳўллашини, ифлос идишдаги елимга бармоғини ботириб, тагликларга суришини, ҳамма-ҳаммасини кузатарди. Миқ этмасдан, жимгина таъқиб этарди.

Бир лаҳза қаерда, ким билан эканини унутиб, берилиб кетганидан она тилида сўради:

– Михлар оғзингизга кириб кетмайдими?

Этикдўз ҳайрат билан бошини кўтарди. Ҳасаннинг юзига узоқ тикилиб қолди:

– Турк боласимисан?

– Истанбулдан келдим...

– Мен ҳам ўша тарафлардан... Измитликман!

Этикдўзнинг соч-соқоли тўзғиган, ёқаси, кўкраги очиқ, шимининг тиззаси ямалган, тишлари йўқ, ранги сўлғин, сарғайган эди. Ҳатто кўзларининг оқигача сариқ эди. Туркчани билгани ва Истанбулдан келгани учун Ҳасан энди нафақат унинг ишига, балки юзига ҳам эътибор билан қарарди. Кўксининг ўртасида иягидаги соқолни эслатувчи, сийрак кулранг бир тутам тук бор эди.

У тиши йўқлиги(камшиклиги) учун чучук тилда такрор (овозда) сўради:

– Бу ерларга қандай келиб қолдинг?

Ҳасан билганича тушунтирди.

Кейин Қонлижадаги уйларини тасвирлаб берди. Қўшнисининг ўғли Маҳмуд билан қандай қилиб балиқ овлаганини, онаси шифокорга кетаётганда ер ости йўлига тушиб қолганликларини, бир марта эшиклари олдига оқ рангга бўялган, ичида ўрин солинган “тез ёрдам” машинаси келганини айтди.

Кейин Этикдўздан сўради:

– Сиз нега бу ерга келгансиз?

Этикдўз бошини чайқаб: “Тарихи узун” дегандек минғирлади:

– Бир жиноят туфайли қочиб келганман!..

Аслида, гапираётган Ҳасан эди, олти ойдан бери оғиз очмаган Ҳасан... Тинмасдан, тингламасдан, нафас олмасдан, ёноқлари шодликдан қип-қизил ҳолда, дудоқларида табассум билан,  биллурдек тиниқ овозда хаёлига келган гапни тўхтамай сўзларди. Этикдўз бир вақтнинг ўзида ҳам ишлар ҳам ора-сира «Ҳа! Йўғ-ей? Шунақами?» сингари уни тинглаётганини билдирувчи сўзлар билан болакайни гапиртирарди. У энди етиб бўлмайдиган ўз ватанининг сойи, шамоли ёхуд термасини тинглаётгандек ҳам завқ билан, ҳам ўкинч билан тинглар: ўтган кунларини, йўқотган нарсаларини ўйлар экан, ич-ичини алам-изтироб ўртарди.

У кўпроқ тинглаш учун атайин секинлик билан ишларди.

Бироқ, ниҳоят, барча пойабзаллар таъмирланган, ишини тугаган эди. Дастгоҳини ердан олди, терисини ўради, мих қутисини ёпди, елим идишини маҳкам бекитди. Бу ишларни шошилмасдан оҳиста бажарди.

Ҳасан юраги зирқираб сўради:

– Кетяпсизми?..

– Кетяпман, ишимни тугатдим-ку.

Шунда она юртидан келган жажжи болакайнинг йиғлаётганини кўрди... Эзилиб-эзилиб, титраб-титраб йиғларди.

Ёноқларидан кўзёшлари бирин-кетин худди шаффоф вагон ойналаридаги ёмғир томчилари қандай ташқаридаги рангларни, ўтиб бораётган манзараларни ўзида аск эттириб, шоша-пиша, титраб-титраб, тебраниб-тебраниб тўкилса, худди шундай; ичида кўксининг титроқлари билан тебраниб, қоришиб кетган чексиз мовий само беғубор, мусаффо бир тарзда оқмоқда эди.

– Йиғлама, деяпман! Йиғлама!..

Этикдўз бошқа сўз топа олмаганди. Буни эшитиб, бола ҳўнграб-ҳўнграб, ўкириб-ўкириб йиғлашга тушди. У қайтиб туркча гапирадиган одам учратолмаслигини ўйлаб йиғларди.

– Йиғлама деяпман, сенга! Йиғлама!.. – шундай деркан, ўзининг ҳам қотиб, дағаллашиб кетган қалби юмшаб, кўнгли бузилганини ҳис қилди. Ўзини қўлга олишга уринди, лекин эплолмади: кўзларидан тошиб, соқолларидан қуйилаётган ёшларнинг араб ўлкасининг ҳароратида ёнаётган қайноқ кўксига гўё салқин бир булоқ сувидек совуқ ва ҳузурбахш тарзда томаётганини ҳис қилди.

 

1938 йил

 

  1. Пристан – кемалар тўхташи учун мўлжалланган, соҳилбўйидаги мўъжаз кўприк.
  2. Гемел – туя
  3. Таал ҳун, я Ҳассан – бу ёққа кел, Ҳасан.
  4. Руҳ, я Ҳассан – борақол, Ҳасан.

 

Таржимон: Гулбаҳор Абдуллоҳ

30.01.2022

Turkiya Turkchasi