Кутубхонада ўсиб,улғайдим десам ҳам муболаға бўлмайди.Майда оппоқ гулли,жимжимадор барглари мажнунтол каби осилган,поясида қатор тизилган ям-яшил,чиройли гул ҳамда серет,сертикон кўринишидан типратиканни эслатувчи кактус макон тутган дераза ёнига жойлашиб олганман.Деразадан қуёш чиқишини,кечки шафақнинг сеҳирли жилосини,қуёш ботишини томоша қилишни ёқтираман.Азим шаҳарнинг осмон қадар чўзилган иморатлари,бағрида яшаётган одамлар,машиналар шовқини мен учун яқин ва қадрдон бўлиб қолган.

    Атрофимда дўстларим жуда бисёр.Улар ҳам келиб,кетиб туришади.Мароқли суҳбатлар қурамиз.Лекин,ҳамма ҳам шунчаки дўст эмас,дардини ҳис қиладиган,бир қарашда сени тушунадиган яқин одами бўлишни хоҳлайди назаримда.Мен ҳам ҳамма қатори кутубхонага келадиган одамлар ичидан ўзимга чин дўст излайман.Гаплашсам дардларим ариса,кулишсам қалбим ғуборлардан тозаланса дейман...

    Болалигимда бу кутубхона гавжум бўларди.Мен ҳам роса яйрардим.Ҳозиргидек зерикиб,мунғайиб деразадан ташқарига боқиб ўтирмасдим.У пайтлар тез-тез йўқлаб келадиган сирдош дўстларим бўларди.Энди эса «қариганингдан кейин ҳеч кимга керак эмассан»-деган гаплар ҳақиқат шекилли,ҳеч ким ҳолимдан хабар олмайди.Кўзларим кутубхона эшигида кутаман...кутавераман...

    Бир куни қуёшли,чароғон кунда  ажойиб мўъжиза содир бўлди.Қаҳваранг тўлқинсимон сочлари бели қадар ёйилган,кўзлари чақноқ юлдуздек,юзчалари зилол сувни эслатувчи беш-олти ёшлар чамаси ширингина қизалоқни етаклаганча 35-40 ёшлар оралиғдаги аёл кириб келди.Аёл узун бўйли,келишган,сариқ,тилларанг сочлари(менимча бўялган)ўзига ярашиб турибди.Кўринишидан адабиёт шинавандаси.Қизчасига ҳар-хил китоблар олди.Кейин айланиб мени ёнимга келди.Танишдик...Гаплашдик.Дўст тутиндик...

    Кейинчалик дардлашадиган бўлдик.Қайғули кунларда йиғлардик.Қувончли кунларда қувончимиз чексиз эди.Кунлар ўтиб у ҳам мендан узоқлаша бошлади.Оила,рўзғор ташвишларига кўмилиб кетди...

    Мана энди ёлғизман.Кераксизлигимдан,одамларни эътиборсизликларидан,бепарволикларидан ўкинаман...

    Кутилмаганда яна бир инсон билан дўст тутиндим.Бозорда савдо қиларкан.Ёнма-ён ҳам иқтисод,ҳам адабиёт деганларидек роса суҳбатлашдик.Кўнгилларимиз яйради...

    Йўқ..йўўқ...у менга қандайдир ваҳшатли тарзда тикилди...музладим...Ҳайҳот энди мен минг бўлакларга бўлингандим.Ҳар хил инсонларни қўлида ўқиш учун,маънавий озуқа олиш учунмас оддийгина пистага идиш бўлгандим.Вазифамни ўтаб бўлгач эса ҳар жойга,оёқ остига,чиқинди қутисига,кўлмагу-балчиқларга улоқтирилдим...Муқовамда сўнгги сарғайган,ғижимланган саҳифаларим қолди...Не не орзуларим бор эдия.Токчаларда ардоқланиб,меҳрли қўлларда авайланиб,қалбларга жо бўлмоқчийдим...Эеҳҳҳ одамлаар...Қадрдонлариим...

   Китоб охирги,заиф ва чуқур нафасини олди...