Ремаркнинг асарлари табиатан романтик бўлган инсонлар учун мўлжалланмагани икки карра икки тўртдек аён. Ремаркни улар сабр қилиб, асабийлашмай ўқий олишмайди. Адибнинг ўткир қалами шакллантирган бемисл реалистик қарашлари жамланмаси ва дунёқараши негизида тамал тоши қўйилган шафқатсиз реализм деб аталгувчи совуқ бир қўрғон уларни чўчитади. Улар бу қўрғон ичига киришдан азбаройи қўрқишади, унинг ичидаги ҳар битта хонанинг залворли эшикларини очиб кўриш фикри улар дилига қутқу солади, ҳатто узоқдан кўриниб турадиган унинг важоҳати ҳам уларни ақл бовар қилмас телба хаёллар сари етаклайди. Шунинг учун Ремаркнинг китобларини қўлларига олгани юраклари бетламайди, асарлари сюжети тугул кўпинча номи ҳам уларни олдиндан бездиради.

Улар “Ғарбий фронтда ўзгаришлар йўқ” асаридаги юқори синф мактаб партасидан тўғри фронтга келиб тушган болакайлар аччиқ тақдири ва фожеасидаги реал бўёқлар учун муаллифни одатда кечиришмайди. “Қайтиш” даги бош қахрамонни урушдан кейинги жамиятда мақсадсиз судраб, саргардон қилгани учун уни ёмон кўришади. “Уч оғайни”даги мафтункор Патрицияни сил касалидан ўлдиргани учун унга тавқи-лаънатлар ёғдиришади. “Лиссабондаги тун”даги концлагерга ташланган шўрлик аёлнинг аянчли қисмати ранг-баранг бўёқлардаги улар чизган ҳаёт тасвирларига монанд бўлмай, пафосли ўйларига соя солиб, аталанинг ичидан чиққан суякдек таъбларини хира қилганидан жиғибийрон бўлишади. “Ўз яқинингни сев” асаридаги бош қаҳрамоннинг деразадан ўзини пастга отишида оғриқли дардни эмас, улкан жасоратни( қанчалик кулгули!) кўришади. “Қора ёдгорлик”даги пулнинг қадрсизланиши оқибатида остин-устун бўлиб, иқтисодий бўҳронлар ичида қолиб кетган жамиятни адиб шу деталь учунгина оқ-қора рангларда тасвирлаб, қоралаганини хазм қила олишмайди. “Зафар пештоқи”даги  бош қаҳрамон доктор Равик енгилтак маъшуқаси билан биргаликда улар мудом сиғинадиган гўзал ҳаётни кўз ўнгиларида булғаётгандек туюлади.   

Идеалистлар ҳам Ремаркни ўқий олишмайди. Идеалликка интилиш Ремаркка хос бўлган нарса эмас. Улар ўзлари тўғри деб билан, топинган, қалбларида ҳайкал қўйган, қаттиқ кўнгил берган ва қадрлаган туйғулари-ю ақидаларини афсуски унинг асарлари ичидан топа олишмайди. Қанча излашмасин, қанча сарсон бўлишмасин, қанча бош қотиришмасин топа олишмайди. Аксинча Ремарк билан зиддиятларга дуч келишади. Улар юксакликка интилишади, Ремарк ҳаётнинг тубига. Улар юксак инсоний туйғулар ва намунали ҳаёт тараннумига ўч, Ремарк инсон ва ҳаётнинг очиқ асл башарасига. Улар ҳаётни ранг-баранг тасвирларда илғаш ва ҳис қилиш илинжида яшашади, Ремарк уни оқ-қора ранглари ичида бетиним кезади.

Улар “Ғарбий фронтда ўзгаришлар йўқ” асаридаги юқори синф мактаб партасидан тўғри фронтга келиб тушган болакайларни ватан учун жон беришга чақирган, урушга чорлаган ва ташвиқот олиб борган сўтак ўқитувчини адиб салбий фонда ёритгани учун унинг гўрига ғишт қалашади. “Қайтиш” асаридаги бош қаҳрамон жамиятнинг янги кучи, янги Германиянинг бош ислоҳотчиси бўлиши лозим эди деб адабиётшунослардек уқтиришга уринишади. “Уч оғайни”даги мафтункор Патрицияни сил касалидан қазо қилганига улар бефарқ бўлишиб, асар саҳифаларидаги  покиза муҳаббатга хос бўлмаган ишқ тасвирларидан ҳайратга тушишади. “Лиссабондаги тун”даги концлагерга ташланган аёл уларда ачиниш ҳиссини уйғотмайди, аксинча Ремаркдан бу концлагерни йўқ қилишга қарши ташвиқот гап-сўзларни ва унинг ўрнига жамиятни янгилаб, ислоҳ қилишга қаратилган ишлар тадбирини кутишиб, хафсалалари пир бўлади. “Ўз яқинингни сев”да уруш ўчоғи ичида моддий ва маънавий таназзулга юз тутган жамиятдан қочишга интилиб, фуқаролик бурчини бажаришдан бўйин товлагани учун бош қаҳрамонни танқид қилишади ва унинг ўлимини бир жазо сифатида идрок қилишади. “Қора ёдгорлик”даги пулнинг қадрсизланиши уларни унчалик ташвишга солмайди, аксинча Ремарк бу оғир шароитда келажак авлод учун жамиятни қайта қуриш дастурини таклиф қилмагани уларнинг энсаларини қотиради. “Зафар пештоқи”да пиёниста бош қаҳрамон ва унинг енгилтак маъшуқасига қарши буларнинг тамомила акси бўлган, инсоний фазилатлар билан бўяб-бежаб ташланган севишганлар образи берилмагани боис фиғонлари фалакка юз тутади.  

Ремаркни ўқий оладиган ягона қатлам-бу реалистлар. Айнан улар. Негатив ёрлиғи остидаги, ҳаётни товуқ гўнгни титгани каби титиб ташлайдиган, ҳеч бир мафкурага шунчаки ишониб кетмайдиган, пафосли романтизм устидан куладиган, идеал қарашлар ва романтик тасвирларни бачкана деб ҳисоблайдиган ҳамда ҳаётни бор-будича, керак бўлса яланғоч ҳолда кўришга одатланган реалистлар Ремаркни ўқий олишади. Ўқиганда ҳам ҳаяжон билан, диққатларини бир ерга жамлаб, керак бўлса йиғлаб ўқишади.

Улар Ремарк асарларидаги уруш тасвирларини, узилган қўл-оёқлар, қориндан отилиб чиққан ичак-чавоқлар, бомба ва снарядлар узиб ташлаб, улоқтириб ташлаган инсон каллалари, пулемётлар ва аэропланлар илма-тешигини чиқариб ташлаган инсон танаси, вайрон бўлган қишлоқлар, кули кўкка совурилган уйлар тасвирларини осон хазм қилишади. Романтиклар уввос солиб, идеалистлар бош чайқаб Ремаркдан узоқлашишганида улар унга яқинлашишади.

Улар Ремарк асарларидаги урушдан кейинги ҳаққоний тасвирларни ҳам борича қабул қилишади. Урушдан ҳам жисмонан, ҳам руҳан майиб бўлиб чиққан авлод вакилларини уруш даҳшатларини унутиш учун ўзларини ўққа-чўққа уришларини, алкоголдан бошларини кўтармай, исловотхоналарда фоҳишалар бағрида сигор тутатиб, латифа айтиб, ҳиринглаб ўтиришларини , охир-оқибат сил касалига чалиниб оламдан гўё нима бўлаётганини, нима учун яшашганини англай олмай, завол топганча ўлиб кетишларини хам бир туклари ўзгармай, айюҳаннос солмай қалбларига сингдира олишади...

Ремаркни доим севиб ўқиганман. “Ғарбий фронтда ўзгаришлар йўқ”, “ Қайтиш”, Уч оғайни”, “Лиссабондаги тун”, “Ўз яқинингни сев”, “ Қора ёдгорлик”, “Зафар пештоқи” каби романлари шунчаки бадиий асарлар эмас, эҳтимол ўша пайтдаги Европа жамиятининг қомуслари ҳисобланади. Уларни ўқирканман, кўпинча юқоридаги романтиклар ва идеалистларни чўчитадиган нарсалар мени ҳам бошида чўчитганини алоҳида таъкидлашим жоиз. Ремарк асарларини ўқигач, шууримга дастлабки лаҳзада  келган нарса шу икки савол бўлган: Нима учун хаосга кўп урғу берилган? Нега алкоголь, сил касали ва фоҳишалар деталлари ҳам ниҳоятда кўп унинг асарларида?

Дарҳақиқат, унинг ҳар бир асарида ўқувчи унгагина хос хаос ва шу деталларни учратади. Бу деталларнинг бирортаси учрамаган унинг асари йўқ. Урушдан қайтган, уруш кўрган қаҳрамонлари ўзлари мансуб бўлган пароканда жамиятда хаос ичида умр кечиради,  алкоголдан бошини кўтармайди, кўпи сил касалига чалинади, фоҳишалар атрофида гирдикапалак бўлиб, уларнинг даврасида кайфу-сафо қилади, “куним ўтса бўлди” қабилида яшайди.

Шу ерда Ремарк билан параллел равишда ижод қилган Фитцежарльд ва Хемингуэйни эслайман. Уларнинг қаҳрамонлари ҳам тахминан шундай эди. Дейлик бирининг қаҳрамони Гетсби ҳаётдан тўйган, урушдан кейинги жамиятда ўз ўрнини топа олмаган, орзуларсиз яшашга маҳкум этилган, умрини айш-у ишратларда совурадиган, ўзини нима хушнуд қилишини билмайдиган нотавон. Хемингуэйнинг эркак ва аёл қаҳрамонлари эса уруш оқибатида жароҳатланган қалбларини даволаш ҳамда янги ҳаёт бошлаш учун ҳамма нарсага ёппасига тайёр бўлган ношудлар. Улар ҳатто тажрибали матадорнинг ўрнига кўзлари қонга тўлган буқа билан корридада жанг қилишга ёки алкоголдан жигар циррозига чалиниб, ғинг демасдан ўлиб кетишга ҳам шай.

Ремаркнинг қаҳрамонлари уларникидан ҳам ўтиб тушади. Унинг асарларини мантиқий жиҳатдан икки босқичга ажратишни лозим топган бўлардим. Биринчи босқичга дахлдор “Ғарбий Фронтда ўзгаришлар йўқ”, “Қайтиш” , “Лиссабондаги тун”, “Ўз яқинингни сев” асарларида уруш ва урушга тортилган жамият бошидан кечирган кўнгилсиз манзаралар акс этган. Ремарк уларда урушни инсоният бошига солган балосига тўхталиб, кўпроқ шахсиятни ўлдириб, бу билан жамиятни тарқоқ ва хаста бир аҳволга солаётганини кўрсатади.

“Ғарбий фронтда ўзгаришлар йўқ” асаридаги аскарлар ҳали гўдак бўлган, мактаб ўқувчилари. Улар кечагина мактаб партасида қўлида ручка билан ўтириб, бугун қўлига қурол олган бахтсиз шўрпешоналар. Асар бошида уларнинг суҳбатлари ҳам , ҳатти- ҳаракатлари ҳам, ҳазил-мутойибалари ҳам болаларча. Давомида эса орзуларининг юздан бири ҳам рўёбга чиқмай жанггоҳларда  суяклари қотиши улкан фожеанинг ибтидосидан далолат беради. Улар уруш давомида бора-бора ҳиссизга айланишлари, ҳатто ҳалок бўлган шеригининг оёғидан этигини ечиб олишлари, ўйлаб ўтирмай парранда ўғирлаб қорин тўйғазишлари ва бундан заррача виждонлари қийналмасликлари урушнинг хунук ва расво оқибати сабаблигига шубҳа қолдирмайди.

“Лиссабондаги тун” ва “Ўз яқинингни сев” асарларида эса уруш жангоҳларидан кўра унинг ортидаги, урушга тортилган жамиятдаги инсонлар тасвирланади. Улар ҳаётларини тамомила издан чиқариб ташлаган урушдан ўзларини ҳимоя қилишга уринишади, яқинларини бу ўпқон таъсиридан сақлашга уринишади, аммо охир-оқибат концлагерларда ёки душман остонасида ҳалок бўлишади.

“Қайтиш” асарида ўқувчи гўёки “Ғарбий фронтда ўзгаришлар йўқ” асаридаги қаҳрамонлардан бирини урушдан қайтиш саҳнасига дуч келади. Биринчи Жаҳон уруши тугаган, Германия ютқазган, қон тўкишлар ниҳоясига етиб, аскарлар уйларига қайтиш учун рухсат олишган. Асар қаҳрамони уйига қайтади. Уйда уни ким кутади? Ҳеч ким кутмайди. Ҳатто хотини ҳам унга хиёнат қилган бўлиб чиқади. Мактаб ўқувчилиги пайтида урушга кетган, на бирор олий ўқув юртида ўқий олмаган, на бирор ҳунарни бошини тутмаган қаҳрамон жамиятда нима қилишини билмай қолади. На касби бор, на ҳунари. Қўлида фақат мактабни тамомлаганини кўрсатувчи аттестати ва ҳарбий унвони бор холос. На этик ямашни, на чилангарликни, на дурадогорликни, на ҳисоб- китоб ишларини билади. Ҳеч нимани билмайди. Жамиятда ўз ўрнини топиши учун нима қилиши лозимлигини ўйлаб ўйига етолмайди. Бунинг учун ўқимоқчи ёки ўрганмоқчи бўлса урушдан кейинги жамиятнинг ҳам аҳволи уникидан баттар ва уни  амаллаб оёққа туриши учун йиллар керак. Жамиятнинг ўзи носоғлом қисқаси.

Иккинчи босқичга “Уч оғайни”, “Қора ёдгорлик”, “Зафар пештоқи” каби асарларини киритган бўлардим ва шу асарлар Ремаркнинг юқоридаги деталларига ҳамда унга хос бўлган хаос манзарасига мантиқий хулоса беради. Дастлаб “ Уч оғайни” асаридан бошласак. Роман қаҳрамонлари уруш кўрган инсонлар гуруҳи. Улар ҳам урушдан кейинги жамиятда ўз ўрниларини топиш учун курашишади. “Қайтиш”даги бош қаҳрамондан фарқли равишда улар мажҳул эмас, анча фаол. Аммо шу билан биргаликда руҳан толиққан, ҳаётда эртанги кундан умид қилмайдиган, бугунги кунини зўр-базўр ўтказиб олса, ўзини жарлик ёқасидан узоқлашгандек сезадиган кимсалар. Улардан бири чалғиш учун пашшадек ёпишиб олган ишидан бошини кўтармайди, иккинчиси алкоголга муккасидан кетади, учинчиси муҳаббат билан бу қалтис юмушни амалга оширади. Улар ўзлари гувоҳи бўлган уруш даҳшатларини унутишса бас, чалғишса бас, ўзларини иш-у ишқ билан андармон қилишса бас, кўнгиллари таскин топади. Бошқа томондан қараганда тинчлик ичидаги жамиятнинг урушдан фарқи йўқ улар учун. Тинчлик пайтида ҳам улар худди урушда бўлгани каби мунтазам курашиб яшашади, ҳатто сил касали худди уруш бошқалар билан бу ишни қилгани каби унинг севган инсонидан айиради.

“Қора ёдгорлик” ва “Зафар пештоқи” асарларида Ремаркнинг учта детали ва хаоси ўзининг кулминациясига чиқади. Йигирма беш йил ичида иккита урушни бошидан кечирган жамият ва унинг аъзолари том маънода келажакка ишончларини йўқотишади ва жамиятда ўз ўрниларини топиш учун ҳам қайғурмай қўйишади. Пулнинг қадрсизланиши ва кетма- кет келган урушларнинг таъсири улардаги нормал ҳаёт сари қадам ташлашни ҳам бўғиб ташлайди. Завол топган авлод чинакам хаоснинг ичида қолади. Улар ёши улғайган, эндиликда ўспирин ёки ёш йигит эмас, аммо ҳалиям чорасиз, иложсизлик ичида юраклари чокидан сўкилиб кетган бир аҳволда кўчаларда тентираб юришади. Улар учун ҳаёт абсурдлашиб кетаётганини ҳис қилиб, бугунги кундан ҳовучларига сиққанича нимадир олиб қолишга ҳаракат қилишади. Шунинг учун доктор Равик тинмай олма ароғи бўлган кальвадос ичади ва енгилтак Жоан Мадуга севги изҳор килади. “Қора ёдгорлик”даги қаҳрамонлар эса лаҳзалик ишрат ва кўнгилхушлик учун ўзларини бахшида қиладилар ва виски ичиб, ресторанларда гап сотиб, фоҳишалар билан кайфу сафодан мазмун қидирадилар. Айримлари эса сил касалидан ўлаётганини билиб ўзини телбаларча тутади ва урушни ҳам, ҳаётни ҳам лаънатлаб баланд овозда йўталиб- йўталиб қўшиқлар куйлашади.

Охирги яратган асарларида алкоголь, сил касали ва фоҳишалар чин маънода Ремаркнинг чорасизликни ифодаловчи рамзларига ва хаосини тушунишда кўмакчиларга айланишади. У бу деталлар билан уруш кўрган ва урушдан жамиятдаги хаос ичига улоқтирилган завол топган авлод кўзларидаги чорасизлик унсурларини ифодалайди. Ҳатто Худога ҳам ишончи қолмаган, абсурд қалбига маҳкам ўрнашиб қолган, кундалик ҳаётида маза-матра қолмаган бу авлод жамиятда ўрнини тополмай, топганда ҳам ҳаётига мазмун бахш этолмай, руҳан мажруҳ бир алпозда, вужудидаги кемтикларини яшириш учун шамга яқинлашган парвонадек алкоголга ўзини уриши, лаҳзалик ишрат ортидан ўзини қулдек эргаштириб юриши ва кўпинча сил касалига чалиниб хаос ичида қолган дунёдан ўтиб кетиши бир қонуниятдек кўринади.

2021 йил, июнь

Шерзод Ортиқов