Гоҳида шундай бўлади: ошқозонимдаги хасталик сабаб ётоқхонада иситмага куйиб-пишиб ётганимда, хона эшиги очилиб, остонада одам қиёфасидаги қора шарпа кўзга ташланади. Дераза пардалари ярмигача тортилганига ташқаридан хира ёруғлик тушиб тургани боис шарпанинг кимлигини дастлаб илғашим қийин бўлади. Шарпа ичкарилайди ва дераза пардалари очиқ турган ерга келгандагина қоқсуяк ҳамда ўрта бўй инсонга айланиб, рўпарамда бутун бўй-басти билан аниқ-тиниқ гавдаланади. Кўзлари пажмурда, узунчоқ бурни сўппайган, афти тиришиб-буришган, жағи ичига ботган, ориқлигидан устидаги фраки осилиб тургандек таассурот уйғотадиган, бошидаги шляпаси уринган, сочларининг кўп қисми оқарган, лаблари титраб-титраб орада бир томонга қийшайиб туриб қоладиган, мўйсафид десанг мўйсафидга, ёш йигит десанг ёш йигитга ўхшамайдиган бу инсон қаршимда кўзларини мендай узмай бир муддат ҳайкалдек тош қотади.

Унинг ҳолатидан ўзимни ўнғайсиз сезиб, барча танишларим ва дўстларимнинг номи билан уни чақириб чиқаман. У бир маромда бошини чайқаб, маъюс нигоҳларини мендан узмай, сассиз тураверади. Касал одамни бетиним гапиртириб уринтирганига роса жаҳлим чиқса-да, сир бой бермасдан, ўзимни назорат қилиш хусусиятимни йўқотмай энди ўзим ўқиган китоблардаги қаҳрамонларнинг номлари билан бирма-бир уни чақиришга тушаман.

-Салом, Онегин,- дейман унга обдон разм солгач биринчи навбатда.

Ўзбек, рус, инглиз ва испан тилларида шундай дейман. У бахтга қарши яна бош чайқайди.

-Дориан Грей,- давом этаман бу сафар адашмаганимга ишончим комил бўлиб.

У бош чайқашини қўймайди. Гўё яна тополмадинг дегандек бошини сарак-сарак қилади.

-Эдуард Хайт жаноби олийлари,- ёш боладек қийқириб юбораман бир пайт ногаҳоний кашфиётимдан теримга сиғмай қувониб.

-Мен Рафаэлман, -дейди у одатига кўра бош чайқаб олгач, ниҳоят тилга кириб.- Ёдингга тушдимми энди?

-Рафаэль…Рафаэль…- шифтга тикилиб шивирлаганимча ва саросима аралаш ўйга толаман.

Бу саросима тахминан беш дақиқага чўзилади. Хотирам сустлиги сабабдан эмас, айни дамда танамдаги юқори ҳарорат туфайли чалкашиб кетган хотирам уни эслашимга илкис тўсқинлик қилади. Шунга қарамай, барибир эслайман. Ўзимни мажбурлаб бўлса-да, хотирамнинг тубидан уни суғуриб оламан. Рўпарамдаги ўликдан фарқ қилмайдиган кимса Бальзакнинг “Сағри тери тилсими” асари бош қаҳрамони, ўша мўъжизавий сағри терининг эгаси шўрпешона Рафаэль бўлиб чиқади.

- Қиморхонадан шляпангни қайтариб беришдими?

У саволимга жавобан шляпасининг четини оҳиста чертиб қўяди.

-Сағри тери қани?- сўрайман ёстиқдан бошимни кўтариб, уни бошдан оёқ қўздан кечирарканман.

-Мана у, -дейди Рафаэль деярли чўнтагидан дастрўмол билан бир хил ҳажмдаги ниманидир олиб, кўз олдимда намойишкорона ҳилпиратаркан.-Асрлар давомида кичрайиб шу аҳволга келди.

-Бекор гап,- унга ишонқирамай боқаман.- Сағри тери икки аср олдин кичрайиб-кичрайиб йўқ бўлган, сен эса умрингни яшаб, дорилбақога сафар қилгансан.

Гапимга жавобан Рафаэль мийиғида кулиб қўяди. Пардани бутунлай тортиб қўйишга уриниб ҳаракатланишга чоғланади. Ниятини сезиб, қўлим билан “керак эмас” дегандек ишора қиламан. У ниятидан қайтади.

-Ёруғликни ёмон кўраман.

-Сағри тери ҳам, мен ҳам тирикмиз,- сўз қотади у рўкач қилган сабабимга тушунарли дегандек бош ирғаб олгач.- Инсониятнинг чексиз эҳтиёжлари бор экан, иккимиз ҳам ўлмаймиз. Шуни ёдингда тут. Биз мангуликка дахлдормиз. Бальзак биз ҳақимизда ёзганидан анча илгари мавжуд бўлганмиз. Иблиснинг ўзи бизни вужуди каби оловдан яратиб, Тангри лойдан яратган инсон қалбига моҳирлик билан жойлаган.

У шундай деб дераза олдидаги курсига ўтирмоқчи бўлади. Ўтиришдан аввал у ерда турган Марсель Прустнинг “Бой берилган вақтни излаб” романлари туркумига мансуб бўлган романни қўлига олади, муқовасини берилиб томоша қилади. Сўнг, ичини варақлаб кўради.

-Прустни ҳам хароб қилган нарса эҳтиёжларининг чексизлиги эди,- дейди сўнг уни токчага қўйиб, курсига уҳ тортиб чўкаркан.- Умри давомида атрофидаги аёллардан вақтики келиб кўнгли қолгач, у ёш болалар ва эркаклар билан жинсий алоқага киришди. Алалоқибат, бу йўлда ўз ажали билан рўбарў келди.

Китоб ёки Пруст ҳақида ўйлашни парвойимга келтирмай, бир унга, бир шапатидеккина бўлиб қолган сағри терига нигоҳимни қадайман. Қоронғулик ҳалақит бераётгани боис уни кўнгилдагидек кўздан кечира олмайман. Аммо у ҳам худди Рафаэлга ўхшаб абгор аҳволдагидек, шляпаси каби уриниб кетгандек базўр нафас олиб чиқариб, орада хириллаб-хириллаб қўяди. Шу ерда беихтиёр нафасим қайтиб, бошим қотади. Оноре Бальзак уни қачон ёзганди? Адашмасам ўн тўққизинчи асрнинг ўттизинчи йиллари ўрталарида. Шундай эди хотирам панд бермаётган бўлса. Андре Моруанинг “Прометей ёхуд Бальзакнинг ҳаёти” номли биографик асаридан буни ўқиб билгандим. Моруа шу фактни келтирганди. Цвейгнинг Бальзак ҳақида ёзган асарида ҳам бор бу ҳақида маълумот.

Ўшанда талаба эдим. О, талабалик йилларим. Чинакам китобхўр бўлган даврим ўша йилларга тўғри келади. Олмос давр эди, олмос. Ўша йиллари эшитгандим бу антиқа роман ҳақида ва эшитган заҳотим оёғимни қўлимга олиб кутубхонага чопгандим. Ҳаллослаб келганимни кўрган кутубхоначи аёл лабларида табассум билан уни қўлимга тутқазганди. Уни кейинчалик бошимни кўтармай бир кечада ўқиб чиққандим. Мутолаа давомида лаззат, кўнгил айниши ва қўрқувни туйгандим. Бу асар чексиз мулоҳазалар қаърига мени отиб юборган ва ўша ердаги зулмат қўйнида заррача бўлсин нур ахтариб бир неча кун руҳим сарсон яшагандим. “ Горио ота” дан сўнг бу Бальзакдан ўқиган иккинчи асарим эди. Қизлари ташлаб кетган чолдан ҳам кўра шу бахтсиз Рафаэлга кўпроқ ачингандим.

Мана энди у қаршимда турибди. Алаҳсираяпманми десам, ундай эмасдек. У Бальзак тасвирлагандек кўринишда эмас, албатта. Шундай бўлса-да, унинг юз-кўзи, ҳатти-ҳаракатлари ва ўзини тутишида Оноре амакининг тасвирлари онда-сонда бўй кўрсатиб турибди. Рўпарамдаги инсон айнан Бальзакнинг қаҳрамони. Уни равшан кўриб, овозини дадил эшитиб турибман. Бу рўё эмас, менимча.

-Инсоният азалдан ўз эҳтиёжларини жиловлай олмай яшаган,- давом этади Рафаэль сағри терини чўнтагига қайтариб солиб қўйиб.-Бунинг эвазига ҳаловатини қурбон қилган. Натижада эса ҳам жисмоний, ҳам маънавий таназзулга юз тутган ва кўпинча умри эрта якунига етган.

Шу маҳал қаршимда Кант, Гегель ёки Шопенгауэр каби олмон файласуфларидан ҳеч қолишмайдиган тарзда минғирлашни бошлаган Рафаэлнинг тиришиб-буришиб кетган юзидан кўзимни узмай бақрайиб, истеҳзо билан ётишни боплайман. Бундай фикрлаш тарзини ҳам сағри тери сабаб ўзлаштирганмикин, деган киноявий ўй ялт этиб миямга уради. У эса пинагини бузмай сўзлашда давом этади.

-Гомер “Илиада”асарида куйлаган буюк юнон шоҳи Агамемнон ўз даврининг юксак мартабали ҳукмдори эди. У мағрибдан машриққача чўзилган ерларга ҳукмронлик қилар, у ерлардаги шоҳлар унинг вассаллари эди. Уни ўз юртида ҳам, мустамлака юртларида ҳам  айтгани айтган, дегани деган эди. Лекин, куни келиб у Трояга кўз тикди, шу шаҳар унинг ҳаловатини ўғирлади, унга эгалик қилиш фикри тинчини бузди. Мазкур фикр эҳтиёжга айланди ва қалбига мудом қутқу солиб турди. Охир-оқибат ўз мақсадига эришиш учун у ерга қўшин тортиб борди.Троя заминида эса шу эҳтиёжи гуллаб-яшнаб турган умрига зомин бўлди.

Рамзес Иккинчи Миср фиръавнлари ичида энг машҳури ва мисрликлар томонидан кўкларга кўтарилиб, ўзидан олдинги ҳеч бир аждоди кўрмаган эътибори олийга мушарраф бўлган Фиръавн эди. Мисрнинг мутлоқ бошқаруви унинг қўлида бўлиб, фуқаролари уни кўришса икки букилиб таъзим бажо келтиришдан  тортиб ҳурмат ва эҳтиром таомилининг барча кўринишларини рисоладагидек бажо келтиришарди. Бироқ унга шулар ҳам камлик қилди. У қуёш Худоси Рага ҳасад қила бошлади ва ўзи кутилмаганда Худо бўлгиси келиб қолди. Фуқаролари Рага эмас, унга сиғинишларига эҳтиёж сезди. Бу эҳтиёжи соат сайин ортиб борди. Уйқусини ҳаром қилди, ҳаловатидан маҳрум қилди. Шу важдан ўзининг бу эҳтиёжини қондиришига кўнмаганлар билан ихтилофга киришди. Улардан ўзини Худо деб тан олишларини талаб қилиб, жаҳл отига минди. Унинг мазкур талабини бажармай ва бўйсунмай, залолатга юз тутган унинг ерларини Мусога эргашиб ташлаб чиқиб кетаётганларни денгизгача қувиб борди. Денгиз эса телба эҳтиёжлари тўрига чирмашиб қолган Рамзеснинг абадий маконига айланди.

Юлий Цезарь Римнинг энг қудратли императори эди. Нафақат кўҳна Рим, балки унинг таркибига кирувчи Италиядан тортиб Европа, Кичик Осиё ва Африкага қадар чўзилган мустамлакалардаги барча уни эъзозлар, унинг қиёфасида ҳукмдори олийни кўришарди. У дастлаб Римни уч киши бўлиб бошқаришга розилик берди. Ҳокимиятни Римга масъул бўлган консуллар билан бошқаришга киришди. Орадан вақт ўтгач, шерикларидан қутулиб, ўзи якка император бўлишни истаб қолди. Якка император бўлди ҳам. Яна орадан фурсат ўтиб, уни шу даражага келтирган- халқнинг ишонган устуни бўлган Сенатни  менсимай, уни тарқатиб юбориш йўлларини қидира бошлади. Натижада шу назоратга ёлчимаган эҳтиёжи уни чоҳга итарди. Ғазабланган сенаторлар Брут ва Кассий бошчилигида унинг жонига суиқасд қилишди.

Помпея гўзал диёр бўлиб, мафтункор ва жаннатмакон табиати, илиқ ва ҳузурбахш иқлими кўнгилга пайванд эди. У ер тўрт фасл ўз жилоси ва жозибасини кўрсатадиган кам сонли юртлардан бирига даъвогарлик қилган, яшаш учун барча нарса муҳайё замин ҳисобланарди. Эркаклари ўзлари истаган чиройли аёлларга кўнгил қўйиб ва оила қуриб, ишқнинг маст қилгувчи тафтидан ором олишарди. Бора-бора улар чиройда тенгсиз, малоҳатли ва офатижон аёлларига қаноат қилмай қўйишди. Фурсат ўтиб энди улар ёш болалар билан, сўнг эса, энг ёмони, бир-бирлари билан жинсий алоқаларни йўлга қўйишди. Баччабозлик ва бесоқолбозлик юрт бўйлаб кенг томир ёйди. Бу юртнинг тақдири кейинчалик нима бўлгани барчага аён. Бир кеча-ю кундузда Яратганнинг қаҳрига учради ва унинг фожеаси жиловланмаган эҳтиёжлар балоси етаклаган бир куфр сифатида инсониятга сабоқ бўлар деб Муқаддас Қуръон саҳифаларидан мангуга қўним топди. Рус рассоми  Карл Брюллов эса уни бўёқлар ва истеъдоди кўмагида бир картина ўлароқ тарихда қолдирди.

Византия давлати ўрта асрлардаги Европанинг гавҳари эди. У ерда насроний дини ҳам ўзининг Римдан кейинги мустаҳкам бошпанасини топганди. Савдо-сотиқ ишлари катта ҳажмда олиб борилиб, дунёнинг бадавлат савдогарлари бу заминга тушмай ва унинг сарҳадларида савдо қилмай кетишмасди. Юрт тинч, фуқаролари бой-бадавлат, насроний дини мукаррам бир эъзозда эди. Жадаллик билан олиб бориладиган савдо-сотиқ ишларидан ташқари бу давлат ўз сарҳадларини мудом кенгайтириб турарди. Сарҳадлари қанчалик кенгаймасин, пулга жанг қиладиган турк ёлланма аскарлари ёрдамида уни янада кенгайтириш чора-тадбирларига эҳтиёж сезар ва бундан ҳукумат тепасидаги кишилар, ҳатто фуқаролар ҳам бир дақиқа бўлсин тин олишмасди. Бу эҳтиёж эса кун келиб бу давлатни айнан ўша ёлланма туркларнинг қўли билан ер юзидан ўчириб ташлади.

Амир Темур Шарқнинг тенгсиз ҳукмдори эди.У ўз юртини мўғуллардан халос этди ва тахтга чиқди. Самарқанднинг оёғи остига дунёни олиб келди. Ноёб китоблардан тортиб энг асл молларгача, маҳоратли усталардан тортиб илмда беназир бўлган уламоларгача барини Самарқандга тўплади. Халқи уни севарди ва бошида кўтариб юрарди. Ўз юртида у суюкли амир эди. Лекин, у бунга қаноатланмади. Ҳинд, Хуросон, Рум, Шом, Ироқ диёрларигача юриш қилиб, истилолар қилди. Боязидни енгиб дунёнинг ҳукмдорига айланди. Эҳтиёжлари шу билан ҳам жиловланиб қолмади. Хитойни эгаллагани қўшин тортиб кетаётганида жони узилди.

Германияда социал-демократлар Гитлерни партияга йўлбошчи қилиб тайинлашганида, у рассомлик орзуси рўёбга чиқмаган бир ношуд эди. Партиянинг йўлбошчисига айлангач, сиёсий фаолиятга боши билан шўнғиб кетди. Бунинг ортидан ҳокимият тепасига келди. Германиянинг рейхканцлери бўлди. Германияни орийлар юрти, немис халқини эса орийлар деб эълон қилди. Унинг ақл бовар қилмас пафосли нутқларига халқ мафтун эди ва у сўзлаётганида барча юрак ҳовучлаб, қалби энтикиб уни тингларди. Немис халқи унга ишонарди. Шу ишонч ўлароқ, у Германияни қўл остига олди. Уни Жаҳоннинг якка ҳукмрон давлатига айланитириш учун бирин-кетин Европа давлатларини куч билан эгаллаб олди. Лотин Америкаси, Африка ва Осиёга ҳарбий кучлар юборди. Назоратсиз қолдирилган эҳтиёжлари оқибатида рус заминига қилинган ҳарбий юриши унинг сўқир қисматига арши аълодан ўқилган ҳукм бўлди.

Улуғ давлат арбоблари ёки илдизи кўп йиллик тарих ва анъаналарга бориб тақаладиган давлатлардан ташқари тарихда турли касб эгалари сифатида ном қолдирган шахсларда ҳам бу иллат йўқ эмасди. Бунга битта жонли мисол сифатида Бальзакнинг ўзини келтиришим кифоя қилади. У кунига ўн тўрт-ўн беш соатлаб ёзув столида ишларди. Уч ёки тўрт ойда битта роман ёзарди. Тасаввур қиляпсанми? Буларнинг барчасини фақат адабиётда шон-шуҳратга эришиш учун қилган деб ўйлайсанми? Бир томондан шундайдир балки. Виктор Гюго ёки Стендалдан ўтиб кетиш учун шу даражада у тер тўкиб ишлаган ва бунинг уддасидан чиққан ҳам. Бироқ ниманинг эвазига? Уйқусиз тунлар ва ҳаловатдан мосуво бўлиш эвазига. Ҳисоблаб берилган умрини худди ўзи ўйлаб топган сағри терининг кичрайиши эвазига.

Бошқа томондан эса у моддий эҳтиёжларини ҳам қондира олмасди. Ўзи учун қимматбаҳо шамдонлар, трубка ва тамакидонлар, гипс ҳайкалчалар, тилла занжирлар, ичига парилар тасвири туширилган девор соати, қизил қайрағочдан қилинган мебель, пат ва сиёҳдон, ўнлаб жуфтда фрак ва шляпалар, бежирим чокда тикилган шарқона халатлар ва кўйлаклар сотиб оларди. Бундай шоҳона яшаш учун эса катта пул керак эди. Шу важдан у тинмай судҳўрлардан қарз оларди ва қарзларни фоизи билан қайтариш учун кеча-ю кундуз, тўйиб ухламасдан, бош қашигани қўли тегмай роман ёзишга мажбур бўларди. Бунинг натижасида бош мия саратонидан у эллик ёшида оламдан ўтди. Мен ҳақимда ёзган асарида эҳтимол ўзини, яна эҳтимол борким атрофидаги жамият-у бутун инсониятни тасвирлагандир.

Бу  иллат олдин ҳам инсоният маънавий таназзулининг бош сабабларидан бири эди, ҳозир ҳам шундай. Келажакда ҳам шундай бўлишига аминман. Зеро эҳтиёжларини жиловлай олмаслик, уларни қондириш кетидан қулдек тентираб юриш ва ҳаловатни бу мақсад йўлида киприк қоқмай қурбон қилиш, натижада эса бир марта бериладиган умрни завол топтириш инсониятга хос.

Унинг гапларини тинч тинглаб ётаман. Рафаэль гапираётгани маҳали гоҳида қорни шишиб, бурни остида қалин мўйлаб ўсиб чиқиб қолгандек туюлиб, ўрнида Бальзакни кўргандек сесканаман. Онора амаки жон куйдириб гапираётгандек бўлади. Гоҳида Рафаэль тусини ўзгартириб, ўзининг асл кўринишига қайтади.

-Бундан чиқди,- дейман у гапини якунлагач, туйқус хахолаб кулиб.- Биз барчамиз сенмиз, яъни Рафаэллармиз.

Рафаэль ўзини жиддий тарзда тутади. Кулганимга эътибор қилмайди. Маъюс нигоҳи билан ер чизади.

-Сен ҳам шундайсан,- дейди бир маҳал синиқ  овозда.- Атрофингдагилар ҳам. Шон-шуҳратга бўлган эҳтиёжларинг йўлида, ҳаловатларингни қурбон қиласизлар. Қанча умр кўраркинсизлар? Бир шу менга қоронғу, холос.

-Биз барчамиз Рафаэллармиз,- ҳечам оғзимни йиғиштиролмайман.- Битта таклиф бор аҳли жамоа. Агамемнон, Рамзес, Цезарь, Помпея ва Византия аҳолиси, Амир Темур, Гитлер , Бальзакларни, шунингдек ҳозирда яшаётган олти миллиарддан ортиқ Ер юзи аҳолисини ва шу кунгача яшаб ўтган саксон миллиард аҳолини битта ном билан- Рафаэль номи билан атасак қандай бўларкин?

Мен кўзларим ёшланиб кетар даражада қиқир-қиқир куламан. Рафаэль боягидек жиддий, боз устига хомуш, бир туки ҳам ўзгармайди.

-Инсоният эҳтиёжларини жиловлай олмагани учун ҳам жаннат осмонда,- у ўрнидан туради кўп ўтмай.- Аслида Одам ато билан Момо ҳаво ҳам ўша олмани тишлашмаса бўларди. Лекин улар тишлашди. Бу жиловланмаган эҳтиёж эса одам болаларига қон орқали кўчди ва то қиёматгача мерос бўлиб қолди. Энди барча ҳаловатидан кечиб, умрини қисқартириб бўлса-да, янгидан янги олмаларни тишлаш истаги билан яшайверади. Қонимизда бор, нимаям қилардик.

-Мени Рафаэль деб чақиринг,- дейман яна хахолашдан тўхтамай.- Биз барчамиз Рафаэллармиз... Рафаэллар... Муборак бўлсин барчамизга, “Рафаэллик рутбаси”!... О, қандай гўзал рутба экан бу... Яшасин эҳтиёжларимиз! Йўқолсин ҳаловатимиз! Жиловланмаган эҳтиёжларимизни олқишланг! Шляпангизни осмонга отинг... Шляпангизни...

Рафаэль тўсатдан сездирмай хонадан чиқиб кета бошлайди. Уни тўхтатиш учун исми билан чақиришга оғиз жуфтлайман. Боягина айланиб турган тилим ногоҳ айланмай қолади. Шунда қўлимга илинган нарсани- сочиқни унинг ортидан улоқтираман. Сочиқ йўлнинг ярмига бориб-бормай беҳол ерга тушади.

 -Рафаэль,-охирги марта оғиз жуфтлаганимда ниҳоят тилим зўрға айланади.

-Рафаэль?- қулоғим остида тамомила бошқа овоз жаранглайди шу он, рўпарамда эса қора кийимдаги эмас оқ кийинган кимдир пайдо бўлади. У билагимни резина боғич билан боғлайди ва томиримга игна санчиб танамга суюқлик юборади- Фельдшерман. Фельдшер. Мени ким биландир адаштирдингиз,чоғи.

Мен кўзларимни катта-катта очиб, ҳеч нимага тушунмагандек унинг юзига ва бошидаги оқ қалпоғига қарайман.

-Шляпангизни қиморхонадан қайтариб беришдими?!

 

2021 йил, июнь

Шерзод Ортиқов