Ўйлаб кўрсам йигирманчи асрнинг қора саҳифаларидан бирига айланган Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги аксарият мутаассиблик руҳидаги, “буюклик синдроми”га чалинган, учига чиққан ашаддий фашистларнинг шарифлари  “Г” ҳарфи билан бошланган экан. Гитлер, Геринг, Гиммлер, Геббельс, Гесслар шулар жумласидан.

Мен уларнинг жамоатчилик диққат марказида турган етакчиларини, бузғунчи фашизм мафкурасини шаклланишида кўпроқ заҳмат чеккан ва фаоллик кўрсатган, кунни кун, тунни тун демаган, машаққатларни ва тўсиқларни писанд қилмаган раҳнамоларини санаб ўтдим, холос. Тарихчилар, тарих ихлосмандлари ёки унга қизиқувчилар тарих зарварақларини титкилаб кўриб, архивларда яна ўнлаб, балки юзлаб алифбонинг бу ҳарфи билан бошланадиган фашистлар шарифларига дуч келишлари ёки уларни кашф қилишлари, омадлари келса тарих фани бўйича магистрлик ва докторлик диссертацияларини ёқлашлари мумкин.

Иккинчи жаҳон уруши ҳамда ундаги фашизм мафкураси инсоният бошига чинакам балони, долғали йилларни, чексиз азоб-уқубатни, туганмас-битмас қалб жароҳатларини солгани исбот талаб қилмас аксиомалиги бор гап. Унинг ҳаёти бу урушгача ва ундан кейинга ажралгани, бу уруш ва фашизм асоратлари сабаб миллионлаб ҳам жисмонан, ҳам руҳан майиб-мажруҳ инсонлар Ер юзи бўйлаб сочиб ташланганини ҳам таъкидлаш ўринли.

Гитлер-бор йўғи ўрта маълумотга эга бўлган, бўйи паст, ориққина, “ташриф қоғози”га айланган кичкина мўйлабча эгаси, лаънати мафкуранинг асосчиси, фюрер деб сўқир немис халқи эъзозлаган “пайғамбар”. Агарда у ўз вақтида Венадаги рассомчилик билим юртига қабул қилинганида инсоният бошига бунчалик залворли кулфатларни солмасди, дейишни кўпчилик такрорлашни хуш кўради. Ҳатто , ҳозиргача.  Бахтга қарши уни ўшанда билим юртига қабул қилишмаган, ундаги тавирий санъатга бўлган муҳаббат ва истеъдод муносиб қарши олинмаганди.

Ундаги фашизм- бу оғир касаллик, руҳий зўриқиш эди. Шунингдек, эҳтимол аламзадаликка ҳам дахлдор бўлиб, одатда улкан жиноятларни инсониятнинг шу аламзада қавми-қатлами амалга оширади. Назаримда, аламзадалик бу ерда бош мезон, десак тўғри бўлар. Зеро, аламзада қалб атрофидагиларга ниманидир исботлаш тараддудида бўлади доим ва бу глобал даражага кўтарилгудек бўлса инсоният учун бартараф этилиши душвор бўлган оғриқли ижтимоий муаммоларни ортидан етаклаб келади.

 

Геринг-Гитлернинг меросхўри, Учинчи рейхда ундан кейинги иккинчи одам ва ўз навбатида кулгули фашист. У кўпинча катта қорни, мечкайлиги, аёлларга суяги йўқлиги, калтафаҳмлиги билан ўзининг атрофидагиларда ҳурматдан кўра мазах ва нафрат уйғотган бўлса-да, фашизм ғояларига итдек содиқлиги ҳайрат уйғотмай иложи йўқ эди. Менимча, у Гитлердан сўнг немис халқини- орийлар, бошқа халқлар устидан ҳукмронлик қилишга тўла ҳақ-ҳуқуқли халқ деб энг кўп ишонган империянинг чириган устуни эди.

 

Гиммлер-фашизмнинг новатор амалиётчиси, унинг душманларини битта қўймай қириб ташлашни режа қилган СС( махфий полиция) ташкилоти асосчиси. Бу ғояга зид бўлган барча ғояларни немис халқи кундалик турмушидан сидириб ташлаган, унга қарши бош кўтарган жон борки, барчасини йўқ қилган, немис зиёлиларини ватанни ташлаб чиқиб кетишларига мажбур қилган,  аҳолиси бу мафкурани хазм қила олмаган сон-саноқсиз шаҳар ва қишлоқларни  вайрон қилиб, кулини кўкка совурган “Жаноб рейхсфюрер”. У фашизм мафкураси йўлидаги собитлигини кўрсатиш учун СС ни ташкил қилишдан ташқари, Освенцим, Бухенвальд, Данау каби концлагерларни қуриш таклифларини фюрерга билдирган эди. Бу концлагерлар кейинчалик  фашизмнинг миллионлаб душманларини ёстиғини қуритганини дунё ҳали ҳануз унутмаган.

 

Геббельс -фашизм мафкурасининг бош ташвиқотчиси, умри қиса бўлган империядаги энг идеал фашист. У бу ғояга шунчалар қаттиқ кўнгил қўйганидан ва унинг мағлубиятига чидай олмаганлигидан 1945 йили май ойида Руслар Берлинга кириб улгуришгач, ўз фарзандларини бирма-бир заҳарлаб ўлдирган, сўнг хотини билан бирга ўз жонига қасд қилганди. У кўзларида ёш билан, аламдан ҳўнграб йиғлаб бу ишни қилган дейишади гувоҳ бўлганлар. У бу лаънати мафкурани севганидан, унга меҳри баланд бўлганидан ва ёрқин келажагига чин дилдан ишонганидан, орзулари чиппакка чиққанини қабул қила олмай  бу ишни қилган дейишади уни яқиндан таниган-билганлар.

Гесс-ақлдан озган фюрернинг ақлдан озишда ундан кам бўлмаган сафдоши ва ўнг қўли. Англияга учиб бориш учун бутун бошли Ла Манш бўғозини аэропланда ошиб ўтган. Бу ўша пайтлари тасаввур қилиб бўлмас, минг чандон қийин юмуш эди. Аммо у ўзи эътиқод қилган мафкура яшаб қолиши ва бу йўлда Англия билан сулҳга эришиш учун шу таваккалчиликка қўл урганди. Кўриниб турибдики, ундаги фашизм ҳам мутаасиблик даражасида бўлиб, нормал ақлга эга бўлган инсон сира ҳам бундай йўл тутмаган бўларди.

 

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Германиядан ташқарида яна бир фашист яшарди. У немис эмасди, немис миллатига мансублик жойи ҳам йўқ эди. Ҳатто, Германия билан алоқадор бўлган тарих ёки генетик боғлиқликка эга эмасди. Қизиғи, унинг ҳам шарифи “Г” ҳарфи билан бошланарди. У юқоридаги тўртта ва Германия ҳудуди бўйлаб ёйилган, соч толасидан тортиб тирноғигача ўзини орий деб билиб, фашизм мафкурасига сиғинишни, топинишни, уни улуғлашни бошлаган миллионлаб фашистлардан битта жиҳати билан фарқ қиларди: у ярим гуманист, ярим фашист эди. Юқоридагиларда на турмуш тарзида, на минбардаги нутқларида, на ўзаро давраларида, на гапирган гаплари-ю ёзган мақола ёки ахборотларида, на тушларида-ю ўнгларида гуманизм кўзга ташланса-да, унда бу фазилат ҳайратланарли тарзда  фашизм каби иллат билан ёнма-ён нафас оларди. Агар таъбир жоиз бўлса, шундай.

 

Гамсун-прозадаги Европа модернизми асосчиларидан бири. Жеймс Жойс билан бар -баравар бу йўналишга асос солган адиб. Асосан портлари, балиқчилик ва кемасозлик саноати билан машҳур бўлган кичкинагина Норвегияни  ўз сўз санъати билан дунёга танитган, дунёни  бу викинглар юрти адабиёти билан ҳисоблашишга кўндирган адиб. Асарлари билан миллионлаб қалбларга кириб борган, миллионлаб мудроқдаги қалбларни уйғотган, уларга керак бўлса таскин-тасалли берган, уларни матонатга чорлаган,  орзу қилишдан тинмасликка, курашишга, муҳаббатга ишонишга, табиатни севишга ўргатган адиб. Яна нима дейиш мумкин у ҳақида? “Нобель мукофоти лауреати бўлган адиб” дейишдан ўзимни тўхтатиб турибман. Сийқаси чиқиб кетади акс ҳолда эссени. Майли ўша мукофот билан боғлиқ бир жиҳатни келтираман. Гамсун- Нобель сурати туширилган медални фашизмга хайриҳохлигини кўрсатиш учун  Геббельсга совға тариқасида қўш қўллаб топширган адиб.

 

Негадир Кнут Гамсунни ҳар гал кўз олдимга келтирсам, рўпарамда икки хил кўринишда гавдаланади. Бирида қизил қайрағоч дарахтидан ясалган ёзув столи олдида бошини кўтармай, энкайганича ёзиш билан машғул бир қиёфада намоён бўлади( эҳтимол “Эдварда” асарини битаётгандир, деб тахмин қиламан). Унинг чоғроққина хонасида сокинлик ҳукм суради, ярим очиқ турган деразадан шабада эпкини ичкарига оҳиста суқилиб кириб, дераза пардаларини ҳилпиратганича  ёзув столи устидаги турли-туман қоғозларни майингина қитиқлайди. Гоҳида Гамсун ишидан бошини кўтариб, ўттиз беш ёшидаёқ ҳорғинлашиб, салқиган ва ичига ботиб кетган кўзларини хонадаги китоб жавонига талмовсираб тикади. У ердаги ўзидан олдин ёруғ оламда яшаб ўтган, шунингдек ўзи билан замондош бўлган адиблар асарларини хаёлан бирма-бир йўқлаб чиқади, муқоваларини тўхталиб-тўхталиб кўздан кечиради. Озғин жуссаси бир томонга эгилган кўйи, кўзойнагини қўлига омонатгина олиб, елкалари ва бармоқлари титраганича хаёл суриб, бир муддат ҳайкалдек қотиб қолади. У “Эдварда” асари ҳақида ўй сураётгани кундек равшан. Бу асарини тамомлагач, у билан олийнасаб гуманизмни дунёга кўз-кўз қилади. Ҳозирча эса мана шу хонасида гоҳ одамови, кишилик жамиятини хушламайдиган, табиат билан бир тану бир жонлик ва ёлғизликдагина инсонийликнинг бутун қадру-қимматини теран ҳис қилган овчи Глан қиёфасига киради. Гоҳида эса мағрур, бир оз такаббурроқ, аммо қалби беҳад гўзал Эдвардани тасвирлашни бошлаб юборади. Бу икки қаҳрамонининг улуғвор муҳаббатларига ўзи истаган гуманизмни сингдиради. Одамлар қаранглар, муҳаббат инсонни поклайди, уни худбинликдан, мағрурликдан қутқаради, ёлғизлигига малҳам бўлади, яшашга, ҳаётни севишга, табиатнинг бир бўлаги бўлишга чақиради, демоқчи бўлади. Унинг бу истакларига асар битгач, миллионлаб ўқувчилари ҳам пешвоз чиқишади. Улар норвег бўлишадими ё инглиз, француз, немисми, дунёқарашларидаги ўзгаришлар ва қалбларида барҳам топган кемтикликларсиз бу асардаги гуманизм лаззатидан баҳраманд бўлишади, қаттиқ таъсирланишади ва ёзувчи маҳоратига қойил қолиш билан бирга мазкур гуманзимнинг сарҳадсизлигига юраклари тубида иймон келтиришади.

“Эдварда”( аслиятда “Пан”) асари ўз пайтида Чеховни ҳам тан беришга мажбур қилганди. Чехов уни “ғаройиб ва ҳайратомуз асар” асар деб атаганди. Унда адиб фаолиятидаги инсонни муҳаббат орқали инсонийлигини сайқаллаштиришга бўлган омадли уриниш кўзга ташланади.Асар бош қахрамони  Глан охири шу даражада гуманистга айланадики, ўзини жамият тараққиётидан узилиб қолган киши эканлигини, табиатдан айро бўла олмаслигини, бу туришда эса амалиётни оқлаб, назариёт билан чиқиша олмайдиган кишилик жамиятида рисоладагидек одам бўлолмаслигини англаб етади ва шу сабаб ўз худбинлигидан воз кечади ва шу билан бирга ўша жамиятнинг бир муҳтарам аъзоси бўлган Эдвардага  қалбини раво кўришга хижолат бўлади.

Гамсуннинг гуманизмига йўл муҳаббат билан бошланади. Ўзи азалдан Одам ато ва Момо ҳаводан мерос бўлган бу туйғу ҳамма замонларда гуманизм асосини ташкил қилган. Инсон севсагина чинакам инсонга айланади. Унда худбинлик, кибру ҳаво, ғурур каби қусурлар чекиниб, ўрнини меҳр-оқибат, фидокорлик, жонкуярлик каби хислатлар эгаллайди. “Эдварда” да ҳам муҳаббат Гланни ўз қобиғидан бир лаҳза чиқишига, Эдвардани эса кибру-ҳавосидан халос бўлишига замин ҳозирлайди. Бу билан улар ўзлари узоқлашиб кетган ва гуркираётган тамаддун таъсирида инсоният ҳам узоқлашиб бораётган инсонийликка яқин боришади.

Рўпарамдаги бу саҳна кўриниши йўқолиб улгурмай, дарҳол иккинчиси гавдаланади. Унда Гамсун анча кексайиб қолган, жуссаси янаям чўккан, сочларига оқ оралаб, белидан қувват кетган бир мўйсафид қиёфасида кимсан Геббельснинг қароргоҳида пайдо бўлади. У тантанали равишда, лабларида табассум билан, хурсандчиликдан оғзини йиғиштиролмай Геббельс билан учрашади. Ёвуз доктор, фашизм ташвиқоти лидерининг  меҳмонхонасида дастурхон устида, бошқа ўнлаб фашистлар ҳамроҳлигида давра қуриб ўтираркан, унга ва фюрер шахсига мақтовлар ёғдиради. Фюрерни даҳо ва “ажойиб йўлбошчи” деб атайди. Коньякка лиқ тўлган рюмкасини фашистлар билан уруштириб, бу мафкурани улуғловчи шонли қадаҳ сўзларини тик турганича ҳаяжонланиб, бисотидаги бор пафосли сўз санъатини ишга солиб импровизация қилади.

 Гамсуннинг ҳаётидаги бу босқич унинг латофатли гуманизмига соя солади. Бу аниқ, икки карра икки тўртдек гап. “Эдварда”, “Очлик”, “Замин шарбатлари” каби дурдона асарларни ёзган, инсониятни инсонийлик тантанасига ишонтирган буюк гуманист ўрнини фавқулодда маддоҳликни касб қилган қип-қизил фашист эгаллайди.

Гоҳида шу ўринда ундан нафратлансам-да, маълум аспектларни назарда тутган ҳолда уни тушунишга ҳаракат қиламан. У Геббельснинг қабулида бўлганида ёши ўтиб, мункиллаб қолган, умрига намозшом чўккан бир ожиз қария эди. Балки, мияси айниган чол дейиш тўғрига ўхшар. Ҳар ҳолда кексаларга хос бўлган ёш болаларча ҳатти –ҳаракатлар ва қарор чиқаришлар унга ҳам бегона эмасди. Қолаверса, ўша йиллари Норвегия ҳам бошқа Европа мамлакатлари қатори немислар томонидан босиб олинган, у ерда ҳам хавотирли ва дилни хуфтон қилувчи кунлар давом этар, СС ёки Гестапо малайлари исталган пайтда исталган хонадонга кириб ўзлари истаган жонни қора машиналарига тиқиб, номаълум ерларга олиб бориб гумдон қилишлари одатий ҳолга айланган ва бу ҳол маҳаллий аҳолини юрагига ғулғула солиб, қуёнюрак қилиб улгурганди.

Эҳтимол шуларни ўйлаб, Гамсун ўз тинчи ҳақида бош қотирган, Гестапонинг қоронғу ва зах ертўлаларидаги  вандализмнинг ноёб топилмаси бўлган, таърифлашга тил ожиз турфа хил қийноқлардан ёки Освенцимга ўхшаган “ўлим лагерлари”да ҳиссиз, шафқат нималиги хаёлидан кўтарилган немис зобитларининг тўппончаларидаги ўқлардан ўлиб кетишни ҳохламай бундай шармандали муроса йўлини танлагандир. Эҳтимол Берлин кўчаларида навбатма-навбат, тоғдек уюм қилиниб ёқила бошланган  китоблар ва уларнинг Гёте, Гейне, Лессинг, Шиллер каби муаллифлари қисматини ўзи ва китобларида ҳам такрорланишини истамагандир. Эҳтимол, Германияни ташлаб кетишга мажбур бўлишиб, эндиликда атрофда сарсон-саргардон бўлиб юрган Томас Манн, Стефан Цвейг, Анна Зегерс каби ўзига замондош бўлган адиблар қисмати ҳақида эшитган ва қариган чоғида ё Томас Маннга ўхшаб океан ортига,  ё Цвейгга ўхшаб Лотин Америкасига кетишни ихтиёр этишни истамагандир.

Албатта, тахмин қилинса ўнлаб, балки юзлаб тахминлар бўй кўрсатади. Уларнинг ҳар бири асосли ва ҳар бирини кифоя бўладиган,  тош босадиган аргумент сифатида қабул қилса бўлади. Аммо тарихда  маълум қарорларимизга сабаб қилиб кўрсатилган аргументлар эмас, уларни ҳаракатга келтирган фактлар ва кучлар қолади. Минг таассуфки, шундай.

Улуғ гуманист бўлган Гамсуннинг умри шомида ногаҳон фашистга айлангани ҳақидаги китоблар, архив материаллари, мақолалар, пафмлетлар эндиликда ҳозирги авлодга мерос бўлиб қолган ва улар мағрибдан машриққача тарқалган архив уйларида, давлат ташкилотлари ва жамоат муассасалари омборларида чанг босиб ётибди. Бу икки хил қисматни бўйнига олишга уни мажбур қилган жиҳатлар ҳақида эса синчков бўлган , уни севиб ўқиган, унга симпатия билдирган инсониятнинг озчилик қисмидан бўлак ҳеч қайси жон фикр қилмайди. Эҳтимол, шунинг учундир келажакда ҳам Иккинчи жаҳон уруши ва фашистлар ҳақида гап кетганида то қиёматгача унинг шарифи ҳам йўл-йўлакай тилга олинади ва истаймизми йўқми, алифбодаги “Г” ҳарфи билан бошланадиган фашистлар рўйхатини тўлдириб тураверади. Зеро, ўн тўққизинчи асрда яшаган ва унинг ҳам шарифи “Г” ҳарфи билан бошланган инглиз адиби Томас Гарди айтганидек, инсон бу дунёдаги ҳаётини шон-шуҳратга бурканган ҳолда эмас, шармандаи шармисорликларсиз интиҳо топиши ҳақида кўпроқ қайғуриши лозим. Боиси, аксарият одам болаларининг қўлидан одатда бу иш келмайди.    

 

2021 йил, апрель