Балким онам ёмғирда қолди.
Ё бошини оғритди шамол.
Ноз шаҳарнинг зўр бисотидан
Олиб боргум бир гулли рўмол.

Маърака-ю мавридлари кўп.
Маҳсиси ҳам бўлгандир эски.
Дорга ёйган чит кўйлагини
Чайнагандир ёсуман эчки.

Сут пишириб, қаймоқ йиғади.
Ўтин қалаб, қиздирар тандир.
Бобом боғин тўридан келиб
Мураббога айланар анжир.

Гоҳ арқонни узади сигир
Гоҳ токзорни пайҳон қилар куй
Онамнинг “ҳайт, ҳуй” ин қўшиқ деб,
Ишкомларда чумчуқ қилар тўй.

Отам келар ёнида ити.
Араваси далада қолган
Унинг белбоғ яктакларидан,
Гапиргандай бўлади пичан

Тонгдастурхон, асал, чой, узум
Сутли кулча килар анжуман
Факат унинг бир чеккасида
Шаҳаршоир бўлган мен йўқман