Шеърим билан Бухоро бордик,
Шинакларда кўп сурдик хаёл.
Алп Тегинга майжом бўлган
Ўтмишидан сўйлади сопол.

Дарё кулди, қари кент яшнаб,
Қанот ёзиб чиқди Заргарон.
Зар камарнинг рақс тушганин,
Кўрмаганди шеърим ҳеч қачон.

Гулсаватлар қаҳқаҳа урди.
Бухор гулоб тутди сарҳовуз.
Мағоқларга кириб чиқгунча,
Садо бериб турди чанқовуз.

Миноранинг этагин ўпдик.
Аркга бордик, каптарлар-қулун.
Чопонини музейга қўйиб,
Ўзи тўйга кетганмиш Мажнун.

Бозори шаб бағрида дунё.
Тилла байтга олдик тилла қош.
Бир мисрага банди дил олсак,
Нуқталарнинг кўзларида ёш.

Бозори гул “соғиндиқ” деди.
Кўзин қисди Пули ошиқин.
Бухор мафтун шеърни қишлоққа
Сақламоғим энди минг қийин…
Шеърим билан Бухоро бордик.