Суртинади юлғунга шамол
Хўрсингандай бўлади терак.
Туғ сочига ойни боғлаган
Фаришталар кулмаса керак.

Тошбитиклар соқоли узун.
Ҳар бир сатри гўёки жанда
Сукунатни бузиб сайрайди,
Тут кавакда бойқуш-гўянда

Қиров ҳиди дилни тешади
Қуруқ майса бўлолмас ёқут.
Қир ҳужрада чаппа ухлайди,
Бор-йўғидан ажралган тобут.

Бобом ҳасса лутфига банда
Ярим рангин кўрсатган қазо.
Руҳлар шартни бузмасин дея,
Кунда келиб қилади дуо…

Мозор ёни катта йўл, ариқ.
Ва булоқни шимган дуоба.
Пичан ортиб хомуш қайтади,
Кўп қамчини кўрган арава.