Сийратим соз, девона кўнглим,
Ҳолатимга сабаб жин эмас.
Аҳволимга йиғлама синглим,
Бундай яшар фақат мен эмас.

Нигоҳларим топмайди тўзим,
Туним ёруғ менга, кун эмас.
Шу кунни ҳам сўраган ўзим,
Бундай яшар фақат мен эмас.

Пешонамнинг битигин тилдим,
Борлиғимга оғриқ чин эмас.
Хато қилиб, ўзимга келдим,
Бундай яшар фақат мен эмас.

Туёқ босар кўксимда тулпор,
Кўп яшайман, бу таҳмин эмас.
Дунёнинг ҳам мендан қарзи бор,
Бундай яшар фақат мен эмас.

Берганим дил, олганим маҳзун,
Бу шунчаки бир ҳазин эмас.
Мен чўлдамас, шаҳарлик Мажнун,
Бундай яшар фақат мен эмас.