2010 йил романлари мисолида

Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий қудрати оғир саноатининг қанчалик ривожланганига қараб белгиланганидек, ҳар қандай миллий адабиётнинг инсоният эстетик тафаккурига қўшган ҳиссаси ҳам ундаги романчиликнинг салмоғи билан тайин этилади. Чунки роман миллат бадиий тафаккурининг тараққиёт даражасини намоён этади.
Романнинг бугунини тушуниш ва истиқболини башорат қилиш учун бу жанрнинг нима учун, қачон ва қаерда пайдо бўлганини аниқлаш ҳамда унга хос етакчи белгиларни тайин этиш лозим бўлади. Илк романлар милоднинг XII-XIII асрларида роман тилларида сўзлашувчи халқлар орасида юзага келган. “Роман тиллари” тушунчаси “Рим (Рома)га тегишли” деган маънони англатиб, лотин тили асосида шаклланган испан, италян, молдова, португал, румин, фламанд, француз ва бошқа тилларни ўз таркибига олади. Илк романлар пайдо бўлган даврда Оврўподаги деярли барча давлатлар учун лотин тили расмий ва бадиий тил саналарди. Аҳолининг асосий қисми эса лотин тилини билмас, бинобарин, адабиётдан бебаҳра эди. Ана шундай шароитда, аҳолининг руҳонийлар ва аслзодалардан кейинги учинчи ва сон жиҳатидан энг катта қатлами бўлмиш иш одамлари, косиб-ҳунармандларга тушунарли бўлган тилдаги, уларнинг дидига мувофиқ келадиган асарларга эҳтиёж пайдо бўлди. Роман ана шу эҳтиёж натижаси ўлароқ юзага келди. Илк пайдо бўлган чоғида роман тилларининг бирида яратилган асар роман саналиб, “роман тилидаги қисса ёки ҳикоя” маъносида conte roman дейилган.
Романнинг айнан ўша вақт, ўша жой ва шу шаклда пайдо бўлишига сабаб нима? Маълумки, антик даврдан қолган анъанага кўра барча бадиий асарлар “юксак поэзия” шаклида бўлиб, уларга маъбудлар, коҳинлар, салтанат эгалари, кам деганда, аслзодалар қаҳрамон қилиб олинарди. Учинчи қатлам, яъни, меҳнат кишилари учун бу асарларнинг тили тушунарсизлигидан ташқари, қаҳрамонлари ҳам мутлақо бегона эди. Ҳолбуки, бу даврга келиб учинчи қатлам ҳам сон жиҳатидан, ҳам иқтисодий мавқеига кўра катта кучга эга эди. Агар инсоният тарихининг шу даврига қадар бадиий асарлар неъматларга эгалик қилувчи ва тақсимловчиларнинг дидларига мувофиқ яратилган бўлса, XII асрдан эътиборан ишлаб чиқарувчиларнинг дидларига мос асарлар ҳам яратиладиган бўлди. Меҳнат билан кун кўрадиган оддий одамларнинг эстетик эҳтиёжи натижаси ўлароқ пайдо бўлган романларда акс эттирилган воқеалар, уларда тасвирланган образлар ва бу асарларнинг ифода йўсини ҳам ўқирманларнинг интеллектуал даражасига мувофиқ бўлиши табиий эди. Шунинг учун ҳам Гегель романни нимкиноя билан “буржуазиянинг эпопеяси” деб атайди.
Роман учинчи қатламга мансуб кишилар дидига мувофиқ дунёга келган ва олдин шаклланган “юксак поэзия” намуналаридан кескин фарқ қиладиган жанр бўлгани учун жуда узоқ вақт давомида адабиёт назариётчиларининг эътиборидан четда қолиб келди. Деярли етти юз йил мобайнида романга хос белгилар илмий жиҳатдан тадқиқ қилинмади. Бу борадаги илк назарий қарашлар романчиларнинг ўзлари томонидан билдирилди. Фақат XIX асрга келиб, Гегель роман назариясига қўл урди. Айнан назарий қолипнинг йўқлиги романнинг хилма-хил синкретик ва қирғоқсиз жанр бўлишига олиб келди. Назарий чекловларнинг камлиги сабабли роман етакчи адабий жанрга айланди. Роман тарихига қилинган қисқа экскурсия унинг жанр сифатидаги белгиларини тўғри аниқлаш имконини беради. Ибтидода инсоннинг индивидуал хусусиятлари, руҳият жилвалари тасвирига эътибор қаратилгани боис, Белинский романни “индивиднинг эпоси” деб атаган. Кўринадики, роман алоҳида шахсларнинг ички дунёсини бадиий идрок этиш ва изоҳлаш йўсини сифатида юзага келган.
Роман ўзининг тарихи мобайнида қаҳрамонларни тасвирлаш йўсини ҳамда инсон шахсига ёндашув маромига кўра асосан очиқ ёки экстенсив ва ёпиқ ёхуд интенсив сингари икки турга бўлинди. Сервантеснинг машҳур “Дон Кихот”идан бошланган очиқ романларда тасвирланаётган образларнинг тақдири, хатти-ҳаракатлари, фаолияти ижтимоий турмуш билан алоқадорликда, ҳаётий детерминизмга мувофиқ сабаб-оқибат боғлиқлигида тасвир этилади. Очиқ романларда одамга асосан ижтимоий мавжудот деб қаралиб, унинг тақдирида жамият тартиблари, ижтимоий асослар ҳал қилувчи мавқеда бўлиши кўрсатилган.
Француз адиби М. М. де Лафайетнинг “Малика Клевская” асаридан бошлаб, алоҳида бир одамнинг ўй-кечинмалари чуқур кўрсатиладиган, тасвир фокуси қаҳрамон шахсиятининг ички жиҳатларини акс эттиришга қаратилган ёпиқ романлар яратила бошланди. Ёпиқ, яъни, персонажларнинг табиати ва хатти-ҳаракатларини тўлиғича ижтимоий тартибларнинг маҳсули сифатида тасвирламаган романларда асосий эътибор инсон руҳияти товланишларини кўрсатишга қаратилган. Вақти келиб, инсон руҳиятининг ўзи олами кабир эканлиги англаб етилиб, уни бадиий акс эттириш усуллари эгаллангач, бирваракайига очиқлик ва ёпиқлик хусусиятларига эга бўлган романлар яратила бошланди. Одам ички дунёси, руҳияти ва ўйларининг ҳам ижтимоий, ҳам психо-физиологик асосларини бадиий тасвирлаш муҳим бўлганидан бу икки хусусиятнинг аралаш қўлланиши кенг ёйилди.
Роман жанрига хос белгиларни тайин этиш борасида ўзбек адабиётшунослигида ҳам анча ишлар қилинган. Агар дастлабки тадқиқотларда ҳажмнинг катталиги ва мавзу жанрининг асосий белгилари сифатида қаралган бўлса, кейинчалик романнинг моҳияти ўзга унсурлардан ҳам қидирила бошланди. Чунончи, адабиётшунос профессор Дилмурод Қуронов: “…асарда қўйилган муаммолар кўлами жанр хусусиятларини белгиловчи унсур сифатида олиниши мумкин. Бу жиҳатдан …роман дунё-ю даврни билиш мақсадига қаратилган бўлса, қисса марказида қаҳрамон характери, ҳикояда эса конкрет ҳаётий воқеа туради. …Кўрамизки, роман, қисса, ҳикоя жанрларига мансуб асар қаҳрамонлари асарда тутган мавқеи, аҳамияти, вазифаси жиҳатидан фарқланади. Роман муаллифи учун қаҳрамон восита – дунёни англаш (буниси мақсад) воситаси, қиссанавис учун қаҳрамоннинг ўзи мақсад (воқеа-ҳодисалар восита), ҳикоянавис учун воқеанинг ўзи мақсад бўлиб қолади”. Олимнинг роман дунё-ю даврни билиш мақсадида яратилади ва унинг қаҳрамони ана шу жараённинг воситаси деган фикрига қўшилиб бўлмайди. Чунки юқорида келтирилган далиллар роман дунёни эмас, балки айнан индивидни англаш мақсадида юзага келганини кўрсатади.
Бугунги кунда ўзбек романчилиги ўз тараққиётининг полифоник босқичига етиб келди. Эндиликда, мавзунинг долзарблиги, воқеаларнинг қизиқарли ёхуд тилнинг ширали экани романни ўқишли қилгани ҳолда, унинг умрзоқлигини таъминлай олмаслиги мумкинлиги англаб етилди. Замонавий ўзбек романи муаллифидан ҳар бир қаҳрамонини тушуниш ва акс эттиришнинг бировникига мутлақо ўхшамайдиган концепциясига эга бўлиш талаб қилинади.
Ўтган 2010 йил романчилик хирмони баракали бўлди. Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” тетралогиясининг учинчи китоби, Омон Мухторнинг “Хотин подшоҳ” ва “Муҳаббат ўлимдан кучли”, Аҳмад Аъзамнинг “Ўзи уйланмаган совчи”, Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар”, Жумақул Қурбоновнинг “Сардоба”, Зулфия Қуролбой қизининг “Машаққатлар гирдоби”, Нурилла Аббосхоннинг “Шўрқишлоқ”, Абдуқаюм Йўлдошнинг “Банкир” романлари тобора шахслашиб бораётган миллат вакилларининг ички оламидаги турли зиддиятларни кўрсатишга бағишлангани билан ажралиб туради.
Таниқли ёзувчи Аҳмад Аъзамнинг бир даврда яшаб, деярли бир хил ижтимоий шароитда фаолият кўрсата туриб, табиатлари ва тутумларидаги турфаликлар сабаб инсонийлик синовларидан турлича йўсинда ўтган ёшлар ҳаёти акс эттирилган “Ўзи уйланмаган совчи” романида худди бир одам каби бутун миллату жамият ҳам бир маънавий-ахлоқий ҳолатдан бошқасига оғриқсиз ўтолмаслиги акс эттирилган. Шундай даврда ижод қилиш чекига тушган ёзувчилар ўз атрофидаги одамлар ва уларни юзага келтирган ҳамда улар томонидан юзага келтирилган шароитга киноявий назар ташлайди ва нуқсонларни ошириброқ тасвирлашга мойил бўлади. Ижодкор очун миқёсида фикрлай бошлаганда, одамнинг тутумлари ва оламнинг ҳодисаларига киноявий ёндашув устуворлик қилади. Ўзини ўраб турган ижтимоий-миллий қобиқни ёриб чиққан ижодкорда ҳажвий-киноявий тасвир асосий ифода воситасига айланади. Негаки, бундай вақтда эстетик тафаккур воз кечилаётган қадриятлардан зада бўлгани ҳолда ўзлаштирилиши керак бўлган қадриятларни аниқ тасаввур қилолмайди. Шунисиям борки, эркин одам ҳазил ва кулгига мойил бўлади.
Ўзбек таянадиган маънавий ойинларнинг қадимийлиги билан глобаллашув туфайли халқнинг бугунги турмуш йўсинига кириб келаётган янги тутумлар ўртасидаги номувофиқлик ва ўзгачаликлардан туғилаётган кулгили ҳолатларни акс эттириш “Ўзи уйланмаган совчи” романининг бош хусусиятидир. Ёзувчи кулги ҳосил қилишда зўракилик ва сунъийликка йўл қўймагани ҳолда тасвирга олинган ҳамма нарсада кулги кўра билган ва улардан кулги чиқара олган. Романда истеъмолчилик майли ахлоқ даражасига кўтарилиб, нимагадир эга бўлиш одамликнинг эталонига айланган, моддий истеъмолдан бўлак нарсалар иккинчи даражали деб қаралаётган шароитда ҳам илдизлари теран маънавий қадриятлар эскирмаслиги таъсирли акс эттирилган.
Аҳмад Аъзам ҳар бир персонажни ўз феълига яраша тил билан таъминлай олган. Шу боис, хилма-хил, бир-бирига ўхшамайдиган, айни вақтда, бир-бирига жуда ўхшаш одамларнинг ички дунёси кўрсатилган бу роман, шубҳасиз, адабиётимизда ўзига хос эстетик ҳодиса бўлиб қолади.
Омон Мухторнинг “Муҳаббат ўлимдан кучли” романида эзгулик билан ёвузлик кучлари ўртасидаги адоқсиз ва муросасиз кураш муайян шахслар тақдири мисолида мистика аралаш реал акс эттирилган. Адиб ёвузликнинг ҳеч қандай сабабсиз эзгуликка қаттол душман бўлишини Иброҳим билан Ғайрат Нусрат, ундан сўнг Нусрат Ғайрат, Ҳасан билан ўғли Ворис ва укаси Ҳусан ўртасидаги муносабатлар тасвири асносида акс эттирган.
Омон Мухтор услубига хос бир жиҳат, яъни, тасвир йўсинини тўлиғича синиқ мозаика асосига қуриш ушбу асарда ҳам устуворлик қилади. Романдаги сўзлар қаторининг аксарияти синиқ, бу синиқ қаторлар орқали тасвирланган тимсолларнинг тақдирлари ҳам синиқ, персонажлараро муносабатлар ҳам синиқ, фақат синиқликнинг ўзигина бутундир. Омон Мухтор романлари услубидаги яна бир жиҳат улардаги воқеалар ривожи, тимсоллараро муносабатлар тасвирида драмага ўхшашлик борлигидир. Асарни мистикага ошно қилган жиҳат тасвирда хронотоп, яъни, макон ва замон мутаносиблиги талабига амал қилинмаганида ҳам кўринади. Унинг асарларида одам йўқликдан пайдо бўлиши, қаҳрамон неча асрлар олдин бўлиб ўтган воқеалар ичига тушиб қолиши, бугунда ўтмиш ва ўтмишда ҳозир намоён бўлиши мумкин.
Романда ўқирманнинг чинакамига бадиий завқ олишига имкон бермайдиган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Чунончи, асарда: “Спартакнинг ватандошлари Икор ва Дилол парвозидан тортиб”, деган жумла бор. Омон Мухтордай тарихий далилларни пухта биладиган адиб томонидан юнон мифларининг қаҳрамонлари хусусида бу қадар паришон маълумот берилиши мутлақо кутилмаган ҳолдир. Бу ўринда, юнон мифларидаги қаҳрамонлар: қанот ясаб, кўкка учган ота-бола: Дедал ва Икар кўзда тутилган.
Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” асари ўзбек романчилигида алоҳида воқеа бўлди. У инсон интеллекти, одамийлиги ва ёвузлиги имкониятлари ҳақидаги фалсафий-рамзий романдир. Романда одамзод пайдо бўлгандан буён унинг маънавиятини кемириб, тириклигида азобларга гирифтор қилиб, ўлгач, дўзах оловида куйишига сабаб бўлаётган манфаатпарастлик, қаноатсизлик ва нафс аталмиш иллатлар етовидаги кимсаларнинг қисмати акс эттирилган. Бу асар ҳар бир одам ва бутун башариятга қилинган огоҳлантириш, одамзодни ёвузлик ва ўз кучига ортиқча баҳо беришдан қайтаришга бўлган бир бадиий даъват десак, муболаға бўлмайди. Профессор Дилмурод Қуронов ва шоир Раҳимжон Раҳматнинг “Боқий дарбадар” асари ҳақидаги мақолаларида асарга муайян ижодий тажрибанинг маҳсули сифатида қараш сезилади. Бизнингча, ёзувчи романда тасвирланиши лозим бўлган шахслар, уларнинг тақдирлари ва ҳолатларини шунчалар яққол ҳис қилганки, асар ўз шакли билан дунёга келган.
Роман билан танишган ўқирманда, дастлаб асарнинг сюжет чизиғидаги етакчи йўналишлар, тимсолларнинг истак-уринишлари тасвири Чингиз Айтматовнинг Авдий ва Филофей каби қаҳрамонлари тутумларига ўхшаб кетади деган ўй келади. Лекин романдан келиб чиқадиган маъноларни чуқур идрок этиш натижасида киши Исажон Султон масаланинг моҳиятини исломий назар билан тўғри англаганини ҳис этади. Буюк иродага бўйсунган инсоннинг инсоф, имон ва эзгулиги бош қаҳрамон бўлган ушбу асарда руҳий тадқиқлардан кўра воқеалар тасвири етакчилик қилгандай туюлсада, воқеалар маконда эмас, ўқирманнинг қалби ва шуурида кечгани учун асар индивиднинг эпоси бўлмиш роман талабига тўла жавоб беради.
Назаримизда, асарда профессор Зиёнинг ўғли образи табиати бир қадар кенгроқ тасвирланиши, асосланилиши ва такомилга етказилиши лозим эди. Ҳар битта одамнинг мавжудлиги унинг макони, миллати ва имонидан ташқарида бўлмаслигини англаган, ана шу қадриятларга меҳр қўйилгандагина глобал фалокатлардан эмин бўлинишини тушунган, табиий катаклизмлар инсоннинг маънавий айнишлари натижаси эканини кўра олган йигитнинг бу ҳақиқатларни ҳис этиши ёки унинг шу фикрга келишига туртки бўлган сабаб акс эттирилганда, роман савияси юксалган бўларди.
Ўтган йили босилган романлар орасида бир қанчаси миллат тарихининг турли даврларини акс эттиришга бағишланган. Шуниси диққатга лойиқки, тарихни тасвирлашга тутинган ҳозирги ёзувчилар ўтмишдаги воқеаларга боғланиб, уларнинг қандай кечганини кўрсатишдан кўра тарихни яратган одам ва унинг кўнглидан кечган руҳий тўлғамларни акс эттиришга кўпроқ эътибор қаратадилар. Эндиликда, ёзувчилар тарихий ҳодиса ва тарихий шахс тасвирига бир қадар эркин ёндашиб, тарихнинг юзага келиши ва тараққиётида конкрет инсон тутган ўринни кўрсатишга эътибор бераётирлар. Таниқли ёзувчи Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” тетралогиясининг учинчи китоби “Мироншоҳ мирзо” асари бу жиҳатдан аҳамиятлидир. Аввало, тетралогиянинг учинчи китоби бадиий жиҳатдан олдингиларига нисбатан пухталигини қайд этиш лозим. Бу китобга келиб, ёзувчи, ниҳоят, Амир Темур сиймосида фақат эҳтиром кўрсатиладиган соҳибқиронни эмас, адабий персонажни ҳам кўришга кўника бошлагани сезилади. Асарда Мироншоҳ, Хонзода, Соғинч бика, Султон Бахт, Шоҳ Мансур каби ўзига хос концепцияга эга тимсоллар эсда қоладиган қилиб ишланган.
Романда чинакам бадиий топилдиқ бўлган анчагина тасвирлар, тимсоллар мавжудлиги асарнинг қизиқарли ва ўқишли чиқишини таъминлаган. Гарчи, бу китобда ҳам тарихий сўзлар керагидан кўпайиб кетган бўлсада, унинг тили ўзига хос ва жозибали. Асарда Соғинч биканинг: “Шаҳзода ҳам… мени севармикин? Мен-ку куйиб-ёниб юрибмен, у-чи? Севармикин?.. Ўйлармикин?.. Куйиб-ёнармикин?..” тарзидаги гумонли ўйлари ишонарли берилган. Қизнинг романтик феъли, болаларча ўйлаши, тўғри-нотўғри қарорларни шартта қабул қилиши унинг табиатидан келиб чиқиб тасвирланган. Романдаги: “Зулукдай қошлари чимирилди, икки чаккасидаги қора зулфи аламдан гажакдай қайрилиб ўзини сочлар орасига урди, чап юзидаги кичкина чиройли холи эса, нима бўляпти ўзи, дегандай атрофга ҳайрон боқарди”, тарзидаги тасвирлар мумтоз романлар анъанаси даражасида экани билан эътиборни тортади.
Амир Темурнинг: “Мен мамлакатларни бирлаштира олурмен, бунга кучим етадур, аммо зўрлик билан икки кўнгилни бир-бирига боғлашдан ожиздурмен”, шаклидаги иқрори ёки муаллифнинг у ҳақдаги: “Самарқандалик вақтларида ҳеч ким унинг …қайси боғдалигини билмас, у ҳеч қаерда эмас, ҳамма жойда эди”, каби тасвири бадиий топилма даражасида. Темурбекнинг: “Дунёда уруш отини ўчириш учун бел боғлағонмен, Мамат! Ажабо, бел боғлағон сарим уруш чиқадур, бу қандай сир-синоат?.. Наҳотки, қилич аралашмай қадам ташлаш мушкул бу оламда!” йўсинда озорланиши тасвири эзгуликка талпинган шундай қудратли одамнинг ёвузлик қаршисидаги ожизлигини табиий кўрсатади. Умаршайхнинг ўлганини эшитган Темур ҳолатининг: “Соҳибқирон оҳиста ортига ўгирилди, кўзларига тўлиб ана тўкиламан, мана тўкиламан, деб турган ёшлар энди унга бўйсунмай қўйишди. У ҳеч кимга боқмай, шоҳчодирга кирди… Лаҳза ўтмай, бир марта ўкирган овоз эшитилди”, йўсинидаги тасвири ҳам ҳаққоний, ҳам таъсирчан чиққан. Романда ҳал қилувчи жангни бой бериб, ўлим ва тирикликнинг нозик чегарасига келиб қолган одамнинг руҳий ҳолати: “Шоҳ Мансур беихтиёр қаради-ю… шуурида ортга чекинмоқ лозимлигини англади! Чекинмоқ керак, чекинмоқ керак… Бутун ниятлардан, ўчу қасослардан, салтанат тахтидан, сулола шарафидан чекинмоқ керак, чекинмоқ керак”, йўсинида жонли чизилган.
Асарда соҳибқиронга Соғинч биканинг сирли равишда йўқолиб қолгани ҳақидаги хабарни айтиш жараёнининг сўнгги сонияларида буни билдириш мумкин эмаслигини сезиб қолган Сароймулкхоним усталик билан гапни бошқа ёққа буриб юбориши маҳорат билан тасвирланган. Бибихонимнинг малика аёллар қисмати ҳақидаги: “Қисматимиз шундоқдир. Бошқа на иложимиз бор? Аммо ҳамма сир ўша “меҳр қўйишимиз осон”лигининг жуда қийинлигидадур, маликам!” тарзидаги таъкидида кучли бадиий ва ҳаётий ҳақиқат акс этади. Романдаги хоразмлик уста Матпано тимсоли ҳам ишонарли ва ўзига хос тасвирланган. Бу тимсол тасвири ўзига юкланган бадиий вазифадан ташқари, Темурнинг шахсиятини очишга хизмат қилганлиги билан ҳам эътиборга лойиқдир. Романда Саҳрои Кабирда бир томчи сувга зор бўлган баҳодирлар ҳолати тасвири ҳам жуда таъсирли чиққан.
Қайд этилган ютуқлар билан бирга, “Улуғ салтанат” романи тасвирининг айрим ўринларида салқилик борлигини, ҳамиша ҳам ўқирманда шавқ уйғотадиган таъсирчан ифода йўсини таъминланмаганлигини айтиш жоиз.
Омон Мухторнинг “Хотин подшоҳ” романида туркий халқлар ҳаётидаги бурилиш даври бўлмиш исломнинг кириб келиш вақтида Бухоро салатанатини бошқарган Ойнур тимсоли меҳр билан тасвирланган. Гарчи, романда холис баён усули танланиб, ёзувчи тасвирда бевосита иштирок этмаган бўлсада, муаллиф ўқирманни гўё бир йўлбошловчи каби қадимий Бухоро бўйлаб етаклаб юргандай ва шаҳарнинг ўтмиши билан таништиргандай бўлади. Асарда араб халифаси Муовия, унинг Убайдуллоҳ ибн Зиёд, Саййид ибн Усмон, Қутайба ибн Муслим каби лашкарбошилари ҳамда сотқин Хитфар Бухорхудот тимсоллари жонли тасвирланган.
Адиб эътиқоду имон учун борган жанглар тасвирланган бу романида севгининг сеҳрли қудратини бир-бирига қарама-қарши турган туркийлар билан арабларнинг етакчилари: Ойнур ва Саййид ибн Усмон сиймоларида акс эттиради. Бир-бирига ёғий бўлган икки ёш ўртасида беихтиёр пайдо бўлган натижасиз ва азобли севги тасвири асарга айрича жозиба бахш этган. Ёзувчи асардаги аксар персонажларни ўз ички оламига эга бетакрор шахслар сифатида тасвирлай олган. Бунда адиб кичик бир тафсил орқали муайян тимсолга хос жиҳатни ифодалаш йўлидан боради. Жумладан, Ойнурга тегишли: “Хотин подшоҳ қароргоҳга кириб келганида бир дам гангиди. Сирасини айтганда, у – журъат, ўктамлик билан юртни қўлида итоатли тутсада, ёш жувон (кечаги қизалоқ) эди” ёки Саййид ибн Усмон ҳақидаги: “У аёлми, эркакми ўзидан ақллироқ киши олдида доим бир нима дейишга қурби етмай, саросималанарди”, сингари қисқа тасвирлар ёрдамида ҳар бир тимсолнинг ички дунёсини кўрсатишга эришади. Кўнгил майли, висол иштиёқи боис, бири олис саҳродан Бухоро томон, иккинчиси Бухородан саҳро сари от суриб, бир-бирига етай деб қолганда, кўнгил майли боис ортга қайтган Саййид ва Ойнур ҳолатлари тасвири таъсирли чиққан. Шунингдек, ёзувчи бадиий адабиётда илк бор Бухородаги туркийлар билан форсийлар муносабатидаги нозик жиҳатларнинг илдизи борасида ишонарли тўхтамларга келади.
Айни вақтда, “Хотин подшоҳ” асарида услубан бадиий яратиқдан кўра маърифий йўналишдаги тадқиқотга ўхшаб қолган ўринлар борлигини таъкидлаш керак. Асарда керагича ривожлантирилмаган бадиий топилмалар, якунланмаган тақдирлар борлиги ҳам ўқирманда эътироз уйғотади.
Жумақул Қурбоновнинг “Сардоба” асари инқилобий тўнтариш йилларида Қашқадарё чўлларида яшаган кишилар ҳаётини акс эттиришга бағишланган. Романнинг кўп ўринлари катта ҳарорат билан ёзилган. Муаллиф тасвир қамровини кенг олади. Асарда тасвирланган бир неча тақдирларни туташтирувчи умумий нуқталар топишда ривоят ва афсоналардан ўринли фойдаланилган.
Зулфия Қуролбой қизининг ғоят қизиқарли сюжет ва ширали тилга эга “Машаққатлар гирдоби” романида асосан шиддатли воқеалар тасвирига интилингани учун ҳам тимсолларнинг руҳияти, уларнинг индивидуал қиёфасини акс эттириш борасида кутилган самарага эришилмаган. Асарда қаҳрамонларнинг кўнгил ҳолатлари, руҳий кечинмаларидан кўра, улар кечирган саргузашталарни тасвирлашга кўпроқ эътибор қаратилган. Гарчи, асардаги деярли барча тасвирларда мантиқий изчиллик, сабаб-оқибат боғлиқликлари бўлишига эришилган эсада, алоҳида шахснинг индивидуал дунёсига киришга етарлича эътибор қилинмагани учун воқеаларнинг хайрли оқибати борасидаги ахборотни таъкидлаш устуворлик қилган. Айни шу ҳолат равон тилда, жуда саводли ёзилган асарнинг етарлича салмоқли эстетик юкка эга бўлмаслигига олиб келган.
Нурилла Аббосхоннинг “Шўрқишлоқ” романи фожиавий руҳ ва юмористик оҳанг уйғунлашгани билан эътиборни тортади. Қаҳрамонлар табиати ва тақдири барча анъанавий романлардаги каби тўлиғича ижтимоий муҳитнинг оқибати сифатида қаралган бу асарда бир қишлоқ аҳлининг кейинги юз йиллик турмушини тасвирлаш орқали миллат маънавияти ва ахлоқида юз берган эврилишларнинг сабаб ва омилларини кўрсатишга уринилган. Асарда образлар табиатини яхши очилган ўринлар бор. Чунончи, Сотимбой тракторчи, хотини Орифа, ўғли Малик муносабатлари ишонарли тасвирланган. Ёзувчи персонажнинг асл моҳиятини очишда баъзан юмордан ўринли фойдаланган. Гарчи, бир оз ошириб юборилган бўлсада, Салим каптарбознинг афғонлар қўлига тушиб қолгандаги ҳолати ҳам ўзига хос тасвирланган. Эрининг бошқа аёлга уйланганини билгач ҳам унинг юзига чопмаган мушфиқ Ойхон, ҳақиқий ҳаётда эмас, балки ўзининг телба-тескари ўйлари оғушида яшайдиган ношуд Октябрь тимсоллари ҳам эсда қоларли чизилган.
Ўз ҳолича қизиқарли ва айрим образлар анча табиий акс эттирилган ушбу романнинг асосий камчилиги барча тимсолларнинг муаллиф етовида юришида намоён бўлади. Улар ўз табиатларидан келиб чиқиб яшамайди, балки кўпроқ муаллиф берган ролларни “ўйнайди”. Асарда воқеа, ҳаракат, чопачоп кўп, ўй, руҳият тасвири эса жуда кам. Энг ачинарлиси, асар тилида шира, жозиба, индивидуаллик йўқ. Муаллиф қаҳрамонларидаги ҳар бир жиҳатнинг ижтимоий асосини кўрсатишга уринади. Бош қаҳрамонлар яшаган оиладаги бемеҳрлик илдизларини: “Ёқуб, Шокир ва Насиба ҳовлини бошига кўтариб, шовқин солиб уришиб-талашардилар. Булар тинч туришганда Раҳмон ака билан Карима опа жанжал кўтаришарди. Назира билан Султон эса энди тетапоя қила бошлаган бўлиб, улар ҳали жанжал қилишни билишмасди”, тарзидаги тасвир орқали бермоқчи бўлади. Ният маъқул, лекин ифода йўсинида бадиий асарга хос жозиба йўқлиги сабаб тасвир оддий ахборотга ўхшаб қолган.
Муаллиф бир вақтлар маърифати билан машҳур бўлган оила аъзоларининг жаҳолатга ботиши сабабини газета мақолаларидаги каби жуда жўн ва яланғоч изоҳлайди: “Бир замонлар бу хонадонда илму маърифатли Зуннур эшон, унинг ўғли Эшондада эшон, олтин суви юритилган нақшинкор китобларни ўқишган. Отаси ва аммаваччаси мулла Ҳакимнинг аянчли оқибатини кўрган Раҳмонали, бу ёруғ дунёда тинчроқ яшагиси келиб, аждодлар маърифатидан воз кечди. Бу хонадонда сўқир Обидадан ташқари ҳеч ким китоб ўқимайди”. Келтирилган мисоллар тасвирнинг қашшоқлиги ва ифода йўсинининг ширасизлиги ҳақида аниқ тасаввур уйғотади. Асарда сон-саноқсиз имло ва тиниш белги хатоларига йўл қўйилган. Ҳам муаллиф ва ҳам тимсоллар тилида қаратқич билан тушум келишиклари фарқланмайди. Худобехабар, даҳрий Сафар Нуғмонов ҳақида асарда: “…ғоят истеъдодли бўлиб, ўн саккиз ёшигача диний мадрасада (таъкидлар бизники – Қ. Й.) таҳсил олган, кейин Россияда рус тилини ўзлаштирган оташин коммунист эди. Нуғмонов эшикларни ялтироқ этиги билан тепиб очиб, ҳужрадаги китоб солинган сандиқни ағдаришга буюрди”, тарзида бири-иккинчисини инкор этадиган ахборот берилади. Тимсолнинг истеъдоди ҳеч нарсада намоён бўлмаганидай, мадраса кўрган одамнинг тутуми ҳам кишини ишонтирмайди.
Қуйидаги тасвир эса ғариблиги билан ўқирманда эътироз уйғотади: “Ғафлат босиб, Шокирнинг дайди мушти чолнинг мўйсафид чеҳрасига урилди. Чол кўзи қорайиб, супа ёнига йиқилиб қолди…
“Кечиринг хўжайин, – деди айбдор Шокир бошини эгиб. – Кечиринг…”. Муаллиф тилидан берилаётган бу тасвирда муштга нисбатан “дайди”, чеҳрага татбиқан “мўйсафид” аниқловчилари қўлланиши, йиқилаётган чолнинг кўз олди эмас, “кўзи қорайиши”, Шокирнинг ўз отасини “хўжайин” деб айтиши каби ўринларда мантиқсизлик яққол кўринади. Муаллиф нима учундир отаси, боласи, хотини, жияни каби қариндошликни англатувчи атамалар олдидан деярли ҳамиша “ўз” сўзини келтиради.
Умумлаштириб айтганда, замонавий ўзбек романчилигида романий тасвирнинг янгича қатламлари ўзлаштирилиб, миллий романчилик янги тимсоллар билан бойиб бораётгани кузатилади.