1
Кўзларимда хира тортади осмон,
Анҳоридан кўнгли совийди сувнинг....
Нигоҳи бағримни юборар тилиб
Боққа кириб олган сариқсоч мунгнинг.
Совуқ хайрлашар ёз билан шамол,
Саратонни осон унутар қуёш.
Атиргул титраниб таслим этар жон
Қаттиқ жўякларга қўйганича бош...
Хафаҳол борлиққа тикилиб маъюс
Худонинг ҳукмига этади сабр –
Ёзни севиб қолган қўрс дунё билан
Келишиб яшашга маҳкум сентябр.

2
Қўлидаги сўнгги япроқни
Ерга отиб юборар терак.
Тирнаб ўтар кўксимни шамол,
Ич-этимни ғижимлар юрак.
Оғироёқ қирларга боқиб
Сарғаяди безовта осмон.
...Юзига лой сачраган гулнинг
Энди тозармоғи даргумон.
Сийрак сочли бошини эгиб
Мажнунтол тин олади оғир.
Нафасини ютган дарёга
Чўмилгани келмоқда ёмғир...

3
Изғиринга қилмайди тоқат –
Жонин олиб қочади қушлар.
Хушрўй кузги гуллар
Чорасиз
Қарғаларнинг кўнглини хушлар.
Сертаъна,
Серзарда дунёдан
Совиб борар қуёшнинг кўнгли.
Ўчоқларда олар аланга
Дарахтларнинг кесилган қўли...
Совуқ тунда
Йўлин йўқотиб,
Кўлмакларни кечиб юрар ой.
Манзилини тополмайди бахт –
Бунда ҳамма остоналар лой...

4
Ўчиб қолди осмоннинг шами,
Япроқ сўнгги шеърин тамомлар.
Қизларини солди бозорга
Бели букик, қари ишкомлар.
Не қиларин билмайди шамол
Кўриб кўкси очиқ гулларни...
Кунботарга кетмоқда қушлар,
Тангрим,
Ўзинг асра уларни!
Хазонлардан тутар дарддаста
Кетаётиб
Заъфарон бахтлар.
Хайрлашар кўзи жовдираб
Мен белини қучган дарахтлар...
Худо,
Оғир бўларми шунча
Кечирмоқлик видо фаслини?
Унутолмай яшайман энди
Борлиқнинг шу қиёфасини...